Президентнинг 10.01.2023 йилдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-2-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан мақсад қўйилди – кейинги 5 йилда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,1 бараварга ва экспорт кўрсаткичини 2,6 бараварга ошириш. Гилам ва уй тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
- Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 3 йил муддатга йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади. Маблағлар газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналарни узлуксиз айланма маблағ билан таъминлаш учун йўналтирилади;
- тижорат банкларида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида, 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада ва қолган давр учун йиллик 5 фоиз ставкада газлама, гиламчилик, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига кредит линиялари очилади.
Бунда имтиёзли кредитлар қуйидаги мезонлар бўйича берилади:
- маҳсулот умумий ҳажмининг 50 фоизи миқдорида экспортни таъминлаш бўйича мажбуриятларни қабул қилиш;
- ўз маблағлари, шу жумладан бино-иншоотлар, айланма маблағ иштирокини камида 30 фоиз қилиб белгилаш;
- кредит мажбуриятлари бўйича муддати ўтган қарздорликлар мавжуд эмаслиги.
Бундан ташқари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига электр энергияси истеъмоли учун бир ойлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинади.
Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига МҲХС асосида юритишни жорий қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 25 минг доллардан кўп бўлмаган миқдори қоплаб берилади. Бунда, ушбу харажатлар корхона томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий тижорат банкларининг қарз маблағлари ўрнатилган тартибда жалб қилинганидан кейин қоплаб берилади.
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади:
- экспорт ҳажми 5 млн долларгача бўлганда - 1 млн долларгача;
- экспорт ҳажми 5 млн доллардан 10 млн долларгача бўлганда - 2 млн долларгача;
- экспорт ҳажми 10 млн доллардан 15 млн долларгача бўлганда - 3 млн долларгача;
- экспорт ҳажми 15 млн доллардан 20 млн долларгача бўлганда - 4 млн долларгача;
- экспорт ҳажми 20 млн доллардан ортиқ бўлганда - 5 млн долларгача.
Шу билан бир қаторда, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 100 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.
Шунингдек, йил якунига қадар Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳамда Тошкент вилоятида тўқимачилик ва чарм саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган индустриал технопарк ташкил этилиши назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.01.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.