Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (ХАЛИКК–2017) қўшимчалар киритилди (27.02.2019 йилда 3140-сон билан рўйхатдан ўтказилган ҳужжатга қаранг).
Ўзгартиришлар киритилиши кутилаётган эди, сабаби 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида (5.01.2019 йилдаги ПФ–5611-сон Фармонга 2-илова, 35-банд) назарда тутилган эди.
ХАЛИКК–2017 га хизматчиларнинг учта янги лавозими киритилди: ички туризм гид-экскурсоводи, туризмнинг фаол турлари бўйича йўриқчи-кузатувчи ва ички туризм экскурсоводи. Ўрта махсус касб-ҳунар маълумотига эга шахслар ушбу лавозимларда ишлашлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ХАЛИКК–2017:
- хизматчиларнинг лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш қисмида ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этиш, меҳнат шартномаларини тузиш, буйруқларни расмийлаштириш, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритиш чоғида мажбурий ҳисобланади;
- ишга қабул қилишда, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилашда минимал маълумот даражаси қисмида давлат корхоналари, давлат муассасалари ва устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган бошқа давлат ташкилотларида қўллаш учун мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия тусига эга;
- маълумот йўналишлари қисмида – барча ташкилотлар учун тавсия тусига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.02.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.