Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Турмуш ўртоғини ва чет эл фуқаросини Тошкентда прописка қилиш осонлашди

19.10.2016

Вазирлар Маҳкамасининг 7.10.2016 йилдаги 336-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини прописка қилиш

 

Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган 59 давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати тасдиқланди.

 

Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (16.02.2012 йилдаги 41-сон ВМҚга 1-илова).

 

Прописка қилиш учун тақдим қилинадиган  ҳужжатлар пакетидаги ўзгаришлар

 

Энди бир йилдан ортиқ муддат давомида никоҳда бўлганлик асосида пропискадан ўтиш учун (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати 5-банди, кейинги ўринларда - Рўйхат) фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи раиси (оқсоқол) ва ИИБ профилактика инспектори томонидан имзо чекилган эр-хотиннинг яшаш жойи, бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида бирга яшаётганлиги тўғрисидаги маълумотномани Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига фақатгина эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳдан фарзанди бўлмаган тақдирдагина топширишади. Биргаликдаги никоҳдан фарзандлари бўлган тақдирда илгаригидек фарзанд (фарзандлар)нинг нотариал тасдиқланган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси  тақдим этилади.

 

Рўйхатнинг фуқароларнинг алоҳида тоифалари прописка қилинадиган  бандларига аниқлик киритилди

 

Тарбия, даволаш ва бошқа муассасалардаги етим болалар, ота-оналарнинг қаровисиз қолган болалар, шунингдек, қариялар уйларидаги шахслар кўрсатиб ўтилган муассасалар томонидан берилган турар жойга Рўйхатнинг 1-банди (қонунчиликка мувофиқ турар жойга эга Ўзбекистон фуқаролари – хусусий мулкка олинган турар жой) эмас, балки 3-бандига биноан васийлик остидаги шахс сифатида васий доимий пропискада бўлган турар жойга прописка қилинади.

 

Рўйхатнинг 9-12 бандлари (иш муносабати билан) бўйича доимий прописка қилинган фуқароларнинг улар билан бир вақтда доимий прописка расмийлаштирмаган оила аъзолари (эр, хотин, шунингдек, уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, турар жой майдони мулкдорининг розилиги билан тегишли равишда Рўйхатнинг худди ўша бандлари (9-12-бандлари) бўйича уларнинг эри, хотини ва ота-онаси сингари амалга оширишади.

 

Рўйхатнинг 2-бандига асосан 2011 йилнинг 15 сентябригача доимий прописка қилинган фуқароларнинг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражали қариндошлари уларнинг турар жойи майдонига прописка қилинади (“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириш санаси). Худди шу бандга мувофиқ Рўйхатнинг 1 ва 8-бандларига биноан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлган фуқароларнинг (тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражали) қариндошлари (иш билан боғлиқ эмас) доимий прописка қилинади. Қариндошларнинг  прописка қилиниш тартиби ҳақида ушбу шарҳимизда ўқишингиз мумкин.

 

Рўйхатнинг 5-банди асосида фуқароларнинг олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган фарзандлари (ўз оиласига эга бўлмаган) Рўйхатнинг 2-банди бўйича худди қариндошлари каби (1 йилдан ортиқ муддат бўлган никоҳ асосида) ота-онаси билан доимий прописка қилинади.

 

Кўчмас мулкни бегоналаштириш бўйича барча битимлар пропискани талаб этади

 

Тошкент шаҳрида жойлашган турар ёки нотурар жой бинолар кўринишидаги барча кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъмнлаш шарти билан ўзгага бериш, шунингдек гаровга (ипотека),  кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш бўйича ва бошқа барча битимлар сотиб олаётган томон жисмоний шахс ҳисобланган тақдирда нотариал тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади:

 

  • Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган шахслар;
  • Тошкент шаҳри ҳудудида камида 3 йил доимий равишда яшаш (лавозимда ишлаш) шарти билан Рўйхатнинг 2,5,9-11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, доимий прописка мавжудлиги ҳақида ИИБдан маълумотнома кўрсатган тақдирда.

 

Эслатиб ўтамиз, муқаддам бу тақиқ фақат Тошкент шаҳридаги турар жойни олди-сотди, айирбошлаш, рента,  умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя битимларига тегишли эди.

 

Шу каби ўзгартиришлар Тошкент вилоятидаги кўчмас мулклар бўйича битимларга ҳам дахл қилди. Бунда Тошкент шаҳри аҳолиси Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олишга ҳақли, Тошкент вилояти аҳолиси эса шаҳардан сотиб олишга ҳақли эмас.

 

Суд қарорларини ижро этиш тартибида турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мол-мулкни кимошди савдолари орқали сотишга ёки уни суд ижрочисининг натурадаги сотилмаган мол-мулкни ўзида қолдириш тўғрисидаги таклифи бўйича қарзни ундирувчига — гаровни сақловчига бериш сотиб олувчи тараф тегишли равишда Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган жисмоний шахс бўлсагина йўл қўйилиши мустаҳкамланди.

 ***

 

Чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни прописка қилиш

 

Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар  — чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари Рўйхати тасдиқланди. У 6 банддан иборат.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (16.02.2012 йилдаги 41-сон ВМҚга 2-илова).

 

Прописка учун тақдим этиладиган ҳужжатлар пакетидаги ўзгаришлар

 

Энди оилавий муносабатлар асосида Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиш учун бошқа давлатлардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда ФБШ) нафақат никоҳ тузилганлиги ва бола туғилганлик ҳақидаги ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини, балки ота-онаси вафот этган тақдирда тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг ҳам (зарур ҳолатларда) тасдиқланган нусхаларини тақдим этишлари даркор. Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган, республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига келган чет эллик фуқаролар ва ФБШларга нисбатан ҳам худди шундай нормалар кўзда тутилган.

 

Шу билан бир қаторда чет эллик фуқаролар ва ФБШ юқорида кўрсатилган 59 давлат органи ва ташкилотларига таклиф этилган юқори малакали, тор доирадаги мутахассис бўлса, улар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, ўз фарзандларига эга бўлмаган фарзандлари) ўз вазифасини ўтаётган муддат давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтиши мумкин. Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига  тақдим этиладиган ҳужжатлар жумласига тегишли давлат органи ёки ташкилотининг раҳбари илтимосномаси киритилди. У Тошкент ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган чет эл фуқаролари ва ФБШ томонидан ҳам, Ўзбекистон Республикасида яшаш ҳуқуқига эга бўлган, республиканинг турли минтақаларидан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига келган шахслар томонидан ҳам тақдим этилади.

 

Белгиланишича, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (1992 йил 28 июль) кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикасига келган ва Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида узоқ вақт собиқ СССР намунасидаги паспортлар билан яшаётган ёки уларни йўқотган, шунингдек ҳужжатларга эга бўлмаган (туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бундан мустасно) ва Рўйхатга кирувчилар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиш учун ТШИИББ ХЧК ва ФРБга  чет эл фуқароси паспортини ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати (ФБШ гувоҳномаси)ни тақдим қила олмайдилар.

 

Рўйхатга кирмайдиган юқорида кўрсатиб ўтилган шахслар кейинчалик пойтахт минтақаси ёки республика ҳудудидан ташқарига чиқиб кетиш билан уларга тегишли ҳужжатлар (ФБШ учун яшаш гувоҳномаси ёки ФБШ учун ҳаракатланиш ҳужжати) расмийлаштирилади, ушбу тўғрисида улардан белгиланган намунадаги мажбурият олинади.

 

Ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилди


ХЧК ва ФРБнинг чет эл фуқароси ва ФБШ ҳужжатларини юқори инстанцияга  юбориш учун белгиланган икки ҳафталик муддат энди илгариги кўзда тутилганидек уларни ўрганиб, расмийлаштириб бўлгандан кейин эмас, балки ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг ўта бошлайди. Шунингдек, чет эл фуқароси ва ФБШнинг шахси шу икки ҳафта мобайнида аввалгидек Тошкент шаҳри ИИББ ёки Тошкент вилояти ИИБ томонидан эмас, балки ХЧКваФРБнинг ўзи томонидан текширилади. Бу нормалар яшаш гувоҳномаси бўлган, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган чет эл фуқароси ва ФБШ ҳужжатлари билан ишлаш учун кўзда тутилган.

 

Тегишли ваколатли органнинг ижобий жавоби олинган тақдирда Тошкент шаҳри ИИББ ХЧК ва ФРБ ёки Тошкент вилояти ИИБ ХЧК ва ФРБ ўн кун муддатда Тошкент шаҳар ИИББ ёки Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли ўринбосари тасдиқлайдиган қарорни чиқаради (муқаддам қарор ИИВ ХЧК ва ФРБ томонида чиқарилар эди).

 

Тошкент шаҳар ИИББ ёки Тошкент вилояти ИИБнинг ижобий қарори Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган, яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига доимий пропискани расмийлаштириш учун асос ҳисобланади (муқаддам ушбу масала тегишли ваколатли  орган билан келишилар, у бўйича қарор эса ички ишлар вазири ўринбосари томонидан тасдиқланар эди).

 

Яшаш гувоҳномасига эга бўлган ҳамда республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига доимий прописка қилишни рад этиш тўғрисидаги қарор ТШИИББ ХЧК ва ФРБ ёки ИИББ ХЧК ва ФРБ, ИИБ ХЧК ва ФРБ томонидан қабул қилиниши мумкин (муқаддам рад этиш қарори ИИББ, ИИБ ёки ИИВ томонидан қабул қилинар эди).

 

Илгаригидек, яшаш гувоҳномасига эга бўлган ҳамда республиканинг бошқа минтақаларидан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш рад этилган тақдирда ҳужжатлар уч кун мобайнида  ТШИИББ ХЧК ва ФРБга қайтарилади ва у бир сутка мобайнида ушбу қарорни ариза берувчига етказади. Аммо энди ариза берувчи рад жавоби берилганлиги ҳақидаги хабарни олганидан сўнг қолиш учун асослари мавжуд бўлмаган тақдирда уч сутка мобайнида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудини тарк этиши шарт.

 

Доимий прописка қилиш рад этилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги асослар бўйича белгиланган тартибда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча бўлиши мумкин:

 

  • қонунчиликка мувофиқ сотиб олинган турар жой мавжуд бўлганда;
  • яқин қариндошлар мавжуд бўлган тақдирда;
  • васийлар (ҳомийлар) мавжуд бўлган тақдирда;
  • меҳнат фаолияти билан шуғулланганда, таълим муассасаларида ўқиганда;
  • даволаш муассасаларида даволанаётганда.

 

Вақтинча пропискани расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди

 

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик пропискани такрорий расмийлаштириш тартиби анча соддалаштирилди. Вақтинчалик пропискани такрорий расмийлаштириш масаласини ТШИИББ ХЧК ва ФРБ кўриб чиқади. Бунинг учун чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинчалик прописка муддати тамом бўлишидан 15 кун олдин тегишли ҳужжатларни ТШИИБ ХЧК ва ФРБга тақдим этадилар.

 

Ариза рўйхатдан ўтказилгандан, шунингдек, ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилгандан ва расмийлаштирилгандан кейин ТШИИБ ХЧК ва ФРБ бир сутка мобайнида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга вақтинчалик пропискани расмийлаштиради.

 

Яшаш гувоҳномаси бўлган ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бор чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бошқа манзил бўйича доимий пропискага ўтиш бўйича мурожаатларининг материаллари тегишли ваколатли орган билан келишилмаган равишда ТШИИБ ХЧК ва ФРБ томонидан кўриб чиқилади.

 

Белгиланишича, мулкни бегоналаштириш бўйича барча битимлар пропискани талаб этади

 

Тошкент шаҳридаги турар жойни олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилиш, шунингдек нотурар жойни гаровга (ипотека) қўйиш,  кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) кечиш битимлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган турар ёки нотурар жой кўринишидаги кўчмас мол-мулкни бегоналаштиришнинг бошқа усуллари сотиб олаётган томон чет эл фуқароси ёки ФБШ бўлган тақдирда нотариал тартибда тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади:

 

  • Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган;
  • Рўйхатнинг 2, 3 ва 6-бандлари бўйича Тошкентда доимий рўйхатдан ўтган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳудудда камида 3 йил муддат мобайнида доимий равишда яшаши (лавозимда ишлаши) ва доимий прописка мавжудлиги ҳақида ИИБдан маълумотнома кўрсатиш шарти билан.

 

Шунга ўхшаш ўзгартиришлар Тошкент вилоятида кўчмас мулк билан битимларга ҳам дахл қилди. Бунда Тошкент шаҳри аҳолиси – чет эл фуқаролари ва ФБШлар Тошкент вилоятида кўчмас мулк сотиб олишга ҳақли, Тошкент вилояти аҳолиси эса Тошкент шаҳрида сотиб олишга ҳақли эмас.

 

Елена ЕРМОХИНА,

Самир ЛАТИПОВ,

экспертларимиз

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48