Вазирлар Маҳкамасининг 5.01.2018 йилдаги 9-сон қарори билан 2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- 2018-2022 йилларда давлат театрлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
- 2018-2022 йилларда давлат театрлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашнинг манзилли дастури;
- Хоразм вилояти мусиқали драма театрини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси.
Қарор билан Чора-тадбирлар дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи комиссия таркиби тасдиқланди. Дастурни бажариш бўйича вазифалардан ташқари, Комиссияга 2018 йилнинг 1 декабрига қадар Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил қилиш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Маданият вазирлигига 3 ой муддатда соҳага оид малакали мутахассислардан иборат эксперт гуруҳларини шакллантириш ҳамда бугунги замон талаби ва хорижий илғор тажрибаларни инобатга олиб, ҳар бир давлат театрининг индивидуал концепцияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда театрларда имконияти чекланган шахслар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида пандус, махсус ҳожатхоналар ва томоша залидан жой ажратилишига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган ишлар:
- Давлат бюджети маблағлари;
- Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
- имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.
Шу йилдан бошлаб Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар бир давлат театрида қуйидагиларни назарда тутувчи саҳна асарлари яратиш учун давлат буюртмаси беришга ҳақли:
- юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи, миллий қадриятларимиз, урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи спектакллар;
- аҳоли, оила муносабатлари, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, фидойилик, инсонпарварлик каби ғоялар асосида тарбияловчи бадиий юксак саҳна асарлари;
- юртимизнинг буюк сиймолари, халқимизнинг бой тарихи, ватанимиз мустақиллигига улкан ҳисса қўшган намоёндалар ҳаёти ва ижоди ҳар томонлама, чуқур акс эттирилган саҳна асарлари;
- давр билан ҳамнафас яшаётган, ҳаёт синовларида тобланган фидойи инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳамда ёшларнинг маънавий дунёсини мустаҳкамлайдиган, келажакка ишончини оширадиган, ибрат бўладиган замон қаҳрамони образини ифодаловчи спектакллар.
Давлат театрлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари;
- давлат театрларининг спектакль, томошалар намойиши, гастроль фаолиятидан тушадиган маблағлар;
- халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Хоразм вилояти ҳокимлигига тижорат банклари билан биргаликда Хоразм вилояти мусиқали драма театри ходимларини уй-жой билан таъминлаш топширилди. Ушбу вазифа узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш ҳамда театрга яқин ҳудудда қурилаётган кўп хонадонли уйлардаги хонадонларни, харажатларни ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қоплаган ҳолда хизмат уйлари сифатида театрга оператив бошқарувга бериш ҳисобига бажарилади.
Маданият вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда театрлар ходимларининг иш вақти ҳисобини, чипталар ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқишлари, шунингдек Интернет тармоғи орқали чипталарни электрон сотиш тизимини жорий этишлари даркор.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 9.01.2018 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Анвар Иркахўжаев.