Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисида низом ҳамда Республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш меъёрлари тасдиқланди (17.10.2019 йилдаги 880-сон ВМҚга қаранг).
Низом алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган болалар учун Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасининг (кейинги ўринларда ўқув-тарбия муассасаси деб аталади) мақоми, вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ўқув-тарбия муассасасига умумий ўрта маълумот олишни тугатмаган, 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган вояга етмаганлар қуйидаги ҳолатларда жойлаштирилади:
- ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;
- айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;
- ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;
- якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамасдан мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётганда.
Вояга етмаганларни ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш ва қабул қилиш суд ажрими асосида амалга оширилади. Вояга етмаганлар ўқув-тарбия муассасасига ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ходимлари томонидан олиб борилади ва жойлаштирилади.
Қуйидагилар ўқув-тарбия муассасасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
- тарбияланувчиларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида мажбурий умумий ўрта таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш;
- тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш;
- баркамол, жисмоний ва руҳан соғлом шахсни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, фидойилик, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;
- болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи психологик, тиббий ва ижтимоий реабилитациясини таъминловчи чора-тадбирларни амалга ошириш;
- тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган «case-study», гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усулларини ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этиш.
Ўқув-тарбия муассасаси болаларнинг руҳий ва физиологик ҳолатини инобатга олган ҳолда, таълим олиш билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ташкил этилади. Ўқув-тарбия муассасаси ушбу муассасани аттестациядан ўтказиш асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.
Ўқув-тарбия муассасасида махсус шароитларни таъминлаш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:
- ўқув-тарбия муассасаси ҳудудини қўриқлаш;
- ўқув-тарбия муассасасида тарбияланаётганларнинг унинг ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;
- тарбияланувчиларни кеча-кундуз, шу жумладан уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;
- тарбияланувчиларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек, улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш;
- тарбияланувчиларга ўз оиласи билан алоқада бўлиши ҳамда улар билан учрашиши учун зарур алоқа воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган алоҳида хоналар ажратиш.
Ўқув-тарбия муассасасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, умумий ўрта таълимнинг ўқув режаси ва таълим дастурлари, шунингдек тарбияланувчиларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари туридан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги реабилитация дастурлари (ҳаётий кўникмаларга ўргатиш, алкоголь ва гиёҳвандлик воситаларига қарамликдан даволаш, руҳий жароҳат асоратлари билан ишлаш ва бошқа дастурлар) асосида таълим берилади.
Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардияга Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси, ИИВга Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси бириктирилди (29.05.2019 йилдаги ПҚ-4342-сон). Ушбу идоралар тегишли ўқув-тарбия муассасасининг ўз вақтида тўлиқ таъминоти ва маиший шарт-шароитлари яхшиланишига кўмаклашишга масъулдир. Халқ таълими вазирлиги республика ўқув-тарбия муассасаларида сифатли тарбия ва таълим жараёнини йўлга қўйиш, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга масъул ҳисобланади.
Республика ўқув-тарбия муассасаларида синфлардаги ўқувчилар сони 15-20 нафардан иборат этиб белгиланади. Тегишли молия органлари билан келишилган ҳолда ушбу муассасаларда, истисно тариқасида, ўқувчилар сонидан қатъи назар синфлар очишга рухсат этилади.
Тарбияланувчиларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган турли тўгараклар, қизиқишлар бўйича клублар, секциялар (шу жумладан спорт секциялари), студиялар ташкил этилади. Ёзги таътил даврида тарбияланувчилар учун оромгоҳлар, улар оммавий дам олиши учун бошқа турлар ташкил этилади.
Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасаси ҳудудидан ташқарига муассаса раҳбариятининг ёзма рухсатномасига кўра, фақат ўқув-тарбия муассасасининг ходимлари, ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида чиқади. Тарбияланувчи ўқув-тарбия муассасасини ўзбошимчалик билан тарк этган тақдирда, муассаса маъмурияти бу ҳақда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги ва тарбияланувчининг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади, шунингдек ички ишлар органлари билан биргаликда уни топиш ва ўқув-тарбия муассасасига қайтариш чораларини кўради.
Тарбияланувчилар ўқув-тарбия муассасасидан чиқарилаётган вақтда доимий яшаш жойларига ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувида юборилади.
Низомда иш ҳужжатларини ва тарбияланувчиларнинг шахсий ҳужжатларини юритиш тартиби, тарбияланувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш, уларга таътил бериш, рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби, тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия муассасасида бўлишини тўхтатиш тартиби, тарбияланувчилар ва педагогларнинг мажбуриятлари, раҳбар ходимларни лавозимга тайинлаш ва ўқув-тарбия муассасасини молиялаштириш тартиби белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.10.2019 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.