Илгари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритган «Ўзархив» агентлиги мақоми оширилди (20.09.2019 йилдаги ПФ-5834-сон Фармонга ва ПҚ-4463-сон қарорга қаранг).
Энди Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари ва тузилмалари янгиланди.
Агентлик директори Бош вазирнинг тақдимномасига асосан Президент томонидан, директор ўринбосарлари эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш шароитлари бўйича улар, тегишли равишда, вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарига тенглаштирилади. Ҳудудий архив иши бошқармалари бошлиқларини Агентлик директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тайинланади.
1 октябрдан «Ўзархив» агентлиги марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимларининг иш ҳақи оширилади. Биринчидан, лавозим маошларини ЯТС бўйича белгилашда тегишли тариф коэффициентлари 1,6 бараварга оширилади. Иккинчидан, уларга мазкур соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун устамалар тўланади.
! Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига МЖТКнинг 2154-моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи берилди.
2020–2025 йилларда 14 та давлат архивлари биноларини ва сақловхоналарини қуриш, 2023–2025 йилларда эса 7 та бинони реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Шу жумладан ушбу мақсадларга Архив ишини ривожлантириш жамғармаси маблағлари сарфланади. Унга давлат архивларининг пуллик хизматларни кўрсатишдан олинган даромадларининг 20%и, Агентлик ҳузурида ташкил этилган Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик марказининг пулли хизматлар кўрсатишдан олинган даромадининг 30%и ва бошқа маблағлар ажратилади. Марказда, хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг архивчи ва иш юритувчилари 3 йилда камида 1 марта малакасини оширадилар.
Бундан ташқари, бир қатор давлат архивлари қайта ташкил этилди:
Ташкил этилган архив |
Негизида янгиси ташкил этилган архив |
Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви |
Ўзбекистон Республикаси кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви |
Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви |
Ўзбекистон Республикаси Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архиви |
Тошкент шаҳар марказий давлат архиви |
Тошкент шаҳар давлат архиви |
2020 йил 1 мартгача шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари томонидан тузилган шахсий таркиб бўйича идоралараро архивларни «Ўзархив» агентлиги идоравий бўйсунувига ўтказилади. Уларнинг негизида шахсий таркиби ҳужжатлари давлат архивлари ташкил этилади. 2023 йил 1 январгача Агентлик босқичма-босқич давлат архивлари сақловида бўлган шахсий таркиб ҳужжатларини шахсий таркиби ҳужжатлари давлат архивларига ўтказади, улар давлат-хусусий шериклик асосидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларига айлантирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.09.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.