Президентнинг 29.03.2017 йилдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ЎзАда жойлаштирилди.
- www.norma.uz
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ташкил этилди
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ташкил этилди
30.03.2017
Таркиб ва фаолиятнинг асосий йўналишлари ҳақида
Унинг таркибига қуйидагилар кирди:
- тижорат банклари ва пиллачилик тармоғи ташкилотлари муассислигида янгидан ташкил этиладиган “Ипаксаноат” минтақавий жамиятлари – “Жанубипаксаноат”, “Шимолипаксаноат”, “Марказипаксаноат”, “Водийипаксаноат” ва “Тошкентипаксаноат” МЧЖлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Пилла” ҳудудий бирлашмалари негизида ташкил этиладиган ҳудудий “Агропилла” МЧЖлари;
- туман ва туманлараро “Пилла” МЧЖлари негизида ташкил этиладиган туман “Агропилла” МЧЖлари;
- ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ташкилотлар.
Уюшма озуқа базасини такомиллаштириш, ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш, пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда тармоқни жадал ривожлантиришни мувофиқлаштириш йўналишлари бўйича ишлайди.
“Ўзбекипаксаноат” раиси ва унинг ўринбосарлари муассислар умумий йиғилишининг қарори билан сайланади, Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ҳамда мақомига кўра тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Уюшма ижро этувчи аппарати ва “Ипаксаноат” минтақавий жамиятларининг жорий таъминоти ва фаолиятини молиялаштириш уларнинг таркибига шартнома асосида кирувчи пиллачилик тармоғи ташкилотларининг ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Имтиёзлар ва преференциялар ҳақида
1.01.2023 йилгача қуйидагилардан озод этиш тариқасидаги имтиёзлар тақдим этилади:
- ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш, тайёр ипак маҳсулотлар ҳамда пиллачилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни (сунъий пилла ўраш дасталари) ишлаб чиқаришдан олинадиган даромадлар – юридик шахсларнинг ЯСТ тўлашдан;
- “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар ҳамда ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари томонидан олиб келинадиган пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
- уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар – ЖШДС тўлашдан;
- пилла етиштирувчи ташкилотлар – пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари бўйича ЯИТ тўловидан ва бундан бўшаган маблағлар касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
Бу муҳим! Пиллачиликни, пиллачилик тармоғи ишчилари ва тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишланган даврлари уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритилади.
Уюшмага аъзоларининг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаларини тақдим этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Пиллачилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилади, давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтириш амалга оширилади.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоил ота кўчасидаги 1-а уйда жойлашади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.
Мавзуга доир материаллар:
- Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари кредит ва имтиёзлар билан қўллаб-қувватланади
- Минерал ўғитларнинг янги ишлаб чиқарилишини барпо этишга имтиёзлар ёрдам беради
- 2020 йилда тўқимачилик саноатида янги солиқ имтиёзлари пайдо бўлади
- Бухоро вилоятида 17 минг нафар хотин-қизлар ишга жойлаштирилади
- Олис ҳудудларда фаолият юритаётган педагогларга – махсус устамалар
- ДСП ишлаб чиқарувчилар олиб кириладиган хом ашё ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан озод этилади