Президентнинг 22.04.2019 йилдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4296-сон қарори имзоланди.
Болалар омбудсмани лавозими жорий этилади
Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилади. Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи сектор тузилади. Шундан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга шу жумладан унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга ва жамоатчиликнинг кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган тузатишлар ишлаб чиқилади.
Болаларга – эътибор ва кўмак
Биринчидан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга:
- муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади (тартиби ҳукумат қарори билан белгиланади);
- болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;
- болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Иккинчидан, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан (ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса – бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккисидан) алимент ундириш тўғрисида мустақил даъво қўзғашга ҳақли. Қуйидаги ҳолларда шундай йўл тутилиши мумкин:
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда;
- ота-она алиментни ихтиёрий равишда тўламаганда;
- ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаганда.
Учинчидан, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.
Тўртинчидан, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, ҳозир никоҳ ёши эркаклар учун – 18 ёш, аёллар учун – 17 ёш. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда туман (шаҳар) ҳокими уни кўпи билан 1 йилга (яъни эркаклар учун 17 ёшгача ва аёллар учун 16 ёшгача) камайтириши мумкин. Бу Оила кодексининг 15-моддасида назарда тутилганлиги боис амалиётда турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик учун унга тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур.
Бешинчидан, бола унинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.
Олтинчидан, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тизимида фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган «ишонч телефони» (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган «тезкор алоқа») ташкил этилмоқда. У орқали болаларга кўмак берилади, махсус имкониятларга эга бўлган веб-сайт ишга туширилади.
Вояга етмаган чет эл фуқароси чиқариб юборилмайди
18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс бу ерда қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистондан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди. Қуйидаги ҳолларда шундай йўл тутилади:
- Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган ҳолларда (МЖТКнинг 225-моддаси; ЖКнинг 224-моддасига қаранг);
- Ўзбекистон ҳудудида содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазо ижро этиб бўлинган ёки ўтаб бўлинганидан кейин ёхуд жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ҳолларда.
Квоталар, очиқ статистика ва «электрон» ФҲДЁ
Ҳужжатда қуйидагилар ҳам назарда тутилган:
- 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда 1%гача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилади;
- 2 ой муддатда оналик ва болаликка оид статистик маълумотлар stat.uz сайтига жойлаштирилиб, ушбу маълумотлар доимий равишда янгилаб борилади;
- ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашиш тизими йил якунига қадар тўлиқ жорий этилади.
Норма ижодкорлиги
Кўп сонли қонун ва қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган, хусусан:
- «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» ва «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар, Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар (вояга етмаган шахсга нисбатан ЖКнинг 154-моддаси 2-қисмидаги жиноят учун жавобгарликни оғирлаштириш; ЖКнинг 135-моддасини БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга имплементация қилиш);
- васийлик ва ҳомийлик органлари тизимини қайта кўриб чиқиб, уларнинг мақомини белгилаш ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида қатнашиши учун қулай шароит яратиш мақсадида қонун ҳужжатларидаги «вояга етмаган» ва «бола» каби тушунчаларни бирхиллаштииш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар;
- Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури, шунингдек Ювенал адлия тизимини жорий этиш бўйича концепция лойиҳаси ва ҳ.к.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.