Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Ўзбекистонда ГМО масаласи қандай тартибга солинади

22.10.2019

Рус тилида ўқиш

Мамлакатимиз биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига қўшилиши бунда қандай роль ўйнайди (14.10.2019 йилдаги ЎРҚ-569-сон Қонунга қаранг)?

 

Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенцияга (Рио-де-Жанейро, 1992 йил 5 июнь) Монреалда 2000 йил 29 январда Протокол имзоланган. Протокол биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишга нохуш таъсир кўрсатишга қодир бўлган, ўзгартирилган барча тирик организмларни трансчегаравий олиб ўтиш, транзити, уларга ишлов бериш ва фойдаланиш борасида инсон соғлиғига хавф солиши мумкинлиги ҳам ҳисобга олинган ҳолда қўлланилади.  

 

Ҳужжатни имзолаган мамлакатлар генетик модификацияланган организмларга ишлов бериш, ўраб жойлаш ва ташишда хавфсизлик чораларига риоя этиши зарур. Улар чегарадан ташқарига олиб чиқилганда олувчи учун идентификация маълумотлари ва алоқа боғлаш манзили қайд этилган қўшимча ахборотлар келтирилган ҳужжатлар билан кузатиб борилади. Импорт қилувчи мамлакат хавфни илмий ишончли тарзда баҳолаш асосида қарор қабул қилади, баҳолашни ўтказиш тартиб-таомиллари ва усуллари ҳужжатда қайд этилган. Илмий асосланган маълумот мавжуд бўлмаганда, давлат эҳтиёткорлик чораларини кўриши керак: импортдан воз кечиши ёки қарор қабул қилишни кечиктириб туради. Шунингдек иштирокчи давлатлар ўртасида тезкор маълумот алмашиш учун эришилган келишувлар доирасида замонавий интернет-технологиялар қўлланилади.  

 

Сенатнинг 11 октябрдаги ялпи йиғилишида иштирок этган Экология давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров Ўзбекистонда протокол талабларини амалга ошириш учун зарур тахминий суммани – қарийб 20 млн АҚШ доллари миқдорида эканлигини маълум қилди. Молиялаштириш манбалари сифатида давлат бюджети маблағлари, ваколатли идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва ташқи манбалардан олинган маблағлар, шу жумладан Конвенциянинг 21-моддасида назарда тутилган молиялаштириш механизмлари кўриб чиқилади. Биохавфсизлик, маъмурий органлар тизими фаолият юритиши, протоколда иштирок этувчи миллий механизмларни амалга ошириш, менежмент таваккалчилиги тизимини жорий этиш, синов лабораториялари тармоғини (битта шундай лаборатория 5-7 млн долларга тушади) ва тегишли инфратузилмани ташкил этиш, шунингдек малакали маҳаллий кадрларни тайёрлаш соҳасидаги норматив базани ишлаб чиқиш учун ресурслар талаб этилади.

 

Картахена протоколига қўшилиш мамлакатимиздаги ГМО билан боғлиқ ҳолатга қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги парламентарийнинг саволи юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов қуйидагиларни маълум қилди: Ўзбекистонда Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмалари сингари ваколатли органлар мавжуд. Улар ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб боради. Норматив талаблар, хусусан, озиқ-овқатларда ГМО таркибининг рухсат этилган чекланган меъёри – 0,9%дан юқори бўлмаган миқдорда белгиланди, болалар овқатларида – бундай таркибга йўл қўйилмайди. «Озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан гигиеник хавфсизлик талаблари» 0283-10-сон СанҚНга 2017 йил декабрда тегишли ўзгартиришлар киритилди.       

 

Картахена протоколига қўшилиш, вазирнинг фикрича, халқаро тажриба асосланиб, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ билан уйғунлаштирган ҳолда Ўзбекистонда таркибида ГМО бўлган маҳсулотлар оборотини тартибга соладиган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиши учун асос бўлади.

 

Вазирлик раҳбари ички қонун ижодкорлиги ишларига оид режалар ҳақида ахборот берди. Яқин истиқболда бир қатор ваколатли вазирликлар ва идораларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқилган ГМО ва ген муҳандислиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга киритиш мўлжалланмоқда.

 

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, ушбу масаланинг норматив тартибга солиниши – жамиятда саломатлик ва соғлом овқатланиш муаммоларига эътиборни ҳисобга олган ҳолда муҳокама учун алоҳида мавзудир. Бундан ташқари, ахборот-тарғибот ишларини фаоллаштириш, фуқароларнинг ҳаётий манфаатларига дахлдор мавзуларни янада батафсил ёритиш лозим. Сенат раҳбарининг айтишича, кўпчилик ГМО нималигини билмайди ҳам.

 

Маълумот учун: ўзгартирилган тирик организм замонавий биотехнологиялардан фойдаланиш орқали ҳосил бўлган генетик материалнинг янги комбинациясига эга исталган тирик организмни ифодалайди (Картахена протоколининг 3-моддаси).   

Генетик модификацияланган организмлар (ГМО) – булар организмга янги хусусиятларни (айрим гербицидлар, зараркунандалар, касалликлар ва шўрланишга, юқори ва паст ҳарорат таъсирига чидамлилик, ҳосилдорлик, калориялилик ва бошқалар) бериш мақсадида ген муҳандислиги усули ёрдамида генотипи табиатда имкони бўлмаган услубда ўзгартирилган ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидаги организмлар; пировард маҳсулот сифатининг ўзгариши (ранги, таркиби, сақлаш давомлилиги, етилиш муддатлари); атроф муҳитни ифлослантирувчи органик моддалар ва оғир металлардан тозалаш муаммоларини ҳал этиш; ўсимлик организмидаги муайян бирикмалар (шу жумладан фармпрепаратлар) синтезини таъминлаш ҳамда ўсимликлардан ушбу бирикмалар ҳосил қилинадиган фабрика сифатида фойдаланиш («Озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан гигиеник хавфсизлик талаблари» 0283-10-сон СанҚН). 

Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2019 йилдан кучга кирди. 

Олег Заманов.


Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум