Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига мувофиқ 2016 йил 1 мартдан янги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) кучга киради.
Янги Қоидалар қатор атама ва тушунчалар билан тўлдирилди:
Автопоезд - улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ва тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби.
Йўл ёқаси - йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки 1.1 йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги.
Болалар гуруҳини ташкилий ташиш - йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда саккиз ва ундан ортиқ болаларнинг ташкилий ташилиши.
Ҳақиқий вазн - транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни.
Фото ва видео қайд этиш - йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари ёрдамида қайд этиш.
“Инструктор” тушунчаси “автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори” тушунчасига алмаштирилди.
Унга қўйиладиган талабларга ҳам тузатиш киритилди – эндиликда уч йил ҳайдовчилик стажига эга бўлиш шарт эмас.
Ҳайдовчи ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шарт бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳам кенгайди. Эндиликда рўйхатга транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ва қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда йўл варақаси ва ташилаётган юкнинг ҳужжатлари киради.
Қоидаларда ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини, унинг эгаси ёнида бўлганида бошқарадиган шахс ёхуд тасарруф этиш ҳуқуқига эга шахсга нисбатан аниқлаштирувлар ўз аксини топди. Эндиликда бундай транспортни бошқариш транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ёки транспорт воситасини бошқараётган шахс суғурта полисида кўрсатилган бўлса рухсат берилади.
Ҳайдовчиларга транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полисида кўрсатилмаган шахсларга, ҳатто уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлган тақдирда ҳам бериш тақиқланади (бундан шартнома ушбу транспорт воситасидан чекланмаган шахсларнинг фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда тузилган ҳолатлар мустасно).
Қоидаларга транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши тўғрисидаги талаб киритилди.
Янги қоидалар билан ҳайдовчининг мажбуриятлари кенгайтирилди. У қуйидагиларга мажбур:
- йўловчиларни ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги; транспорт воситаси ҳаракатланишни бошланишидан олдин хавфсизлик камарини тақиш ҳақида огоҳлантириши (камарни тақмасликка рухсат бериладиган ҳолатлардан ташқари);
- сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари).
Светофор ишоралари имтиёз белгилари талабларига зид келган ҳолларда ҳайдовчилар светофор ишораларига амал қилишлари керак.
Ҳаракатланиш вақтида транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар юзага келганда, ҳайдовчи уларни бартараф этиши, агар бунинг иложи бўлмаса, зарур бўлган эҳтиёт чораларини кўриб, таъмирлаш ёки тўхтаб туриш жойига етиб олиш учун ҳаракатланиши лозим.
Кўприклар, йўл ўтказгичлар, эстакадалар ва уларнинг остида қайрилиб олишга умумий тақиқ ўрнатилганига қарамай, янги Қоидалар тегишли йўл белгилари билан бундай манёврни бажариш рухсат берилган йўл қисмларида бунга рухсат беради.
Чорраҳаларда ва қайрилиб олиш тақиқланган жойларда, айнан:
пиёдаларнинг ўтиш жойларида;
туннелларда;
кўприклар, йўл ўтказгичлар, эстакадалар ва уларнинг остида (тегишли йўл белгилари билан бундай манёврни бажариш рухсат берилган йўл қисмлари бундан мустасно);
темир йўл кесишмаларида;
йўлнинг кўриниши бирор-бир йўналишда 100 метрдан кам бўлган жойларда орқага ҳаракатланишга тақиқ киритилди.
Аҳоли пунктларида, шунингдек аҳоли пунктларидан ташқарида айрим транспорт воситалари учун Қоидаларда кўрсатилганидан кўра катта тезликда ҳаракатланишга рухсат берилган йўл участкаларида ўнг бўлаклар бўш бўлганда чап бўлакларни эгаллаш тақиқланади.
Бир йўналишдаги қатнов қисмининг чап томонида у билан бир сатҳда жойлашган трамвай изидан, шу йўналишдаги бошқа бўлаклар банд бўлганда ҳаракатланишга, шунингдек айланиб ва қувиб ўтишга, чапга бурилиш ва қайрилиб олишга қоидалар рухсат беради. Бироқ эндиликда агар чорраҳадан олдин тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилган бўлса, чорраҳадан ўтишда трамвай изларидан ҳаракатланиш тақиқланади.
Йўловчиларга транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланади.
Янги Қоидаларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш вазияти аниқ тартибга солинган. Агар аввал ҳайдовчи йўл бериши кўзда тутилган бўлса, янги қоидалар қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёдани ўтказиб юбориш учун ҳайдовчини тезликни камайтиришга ёки тўхташга мажбур қилади.
Янги Қоидаларга асосан йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-, видеомаҳсулотларни кўриш, радио-аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш, ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
Транспорт воситаси салонининг олд қисмига, шу жумладан, приборлар панелига, қуёш соябонига ва орқа томонни кўриш кўзгусига фақат ташқи кўринишни тасвирга оладиган видеокамера, навигатор, видеорегистраторларни ўрнатишга рухсат берилади, башарти улар ҳайдовчига кўринишни чекламаса.
Турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) транспорт воситалариниг тезлиги чекланган – кўпи билан 30 км/с.
Барча йўлларда болалар гуруҳини ташкилий ташиётган транспорт воситасининг тезлиги 60 км/с дан ортиқ бўлмаслиги тўғрисидаги норма киритилди.
Болаларни юк автомобилларининг юкхонасида ташиш тақиқланади
Янги Қоидалар билан шаҳарлараро, сайёҳлик, экскурсия ёки тоғли йўналишларда ва болалар гуруҳини ташкилий ташишда ташилаётган автобус салонида одамлар сони ўтириш учун жиҳозланган ўриндиқлар сонидан ошмаслиги кераклиги белгиланди.
Ўта оғир, катта ўлчамли ва хавфли юкларни ташишда габарит ўлчамлари юкли ёки юксиз ҳолда:
эни бўйича 2,55 (рефрижераторлар ва изотермик кузовлар учун 2,6) метрдан;
баландлиги бўйича йўл сатҳидан 4 метрдан,
узунлиги бўйича бир тиркама ёки яримтиркама билан 20 метрдан,
икки ёки ундан ортиқ тиркама билан 24 метрдан ортиқ бўлган,
ёхуд юки транспорт воситасининг орқа нуқтасидан 2 метрдан ортиқ чиқиб турган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши
ДЙҲХХ билан келишилган бўлиши керак.
Автобус ва микроавтобуслар томига юк ташиш учун мосламалар ўрнатиш, ҳамда белгиланмаган жойларда юк ташиш тақиқланади.
Мопед ҳайдовчиларига қадаб олинмаган мотошлемсиз йўлларда ҳаракатланишга тақиқ киритилди.
Велосипедларнинг қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиши учун талабларга тузатиш киритилди. Велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ (аввал оқ рангли оддий чироқ), орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ (аввал улардан бири), ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.
Мотоцикллар ва мопедларда кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқишни кўзда тутадиган талаб киритилди.
Аввал кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари эндиликда туманга қарши чироқларни қоронғи вақтда йўлнинг ёритилмаган қисмларида узоқни ёки яқинни ёритувчи чироқлар билан бирга қўллаш мумкин.
Милтилловчи чироқ-маёқча кўк рангдан ташқари кўк ва қизил рангда бўлиши мумкин.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.