Президент 2019 йил 30 май куни Урганч шаҳрида имзоланган ҳукуматлараро битимни тасдиқлади (29.07.2019 йилдаги ПҚ-4405-сон қарор).
“Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази” экспозицион маркази Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда очилади.
1 478,5 кв. м ўлчамли майдонча (Москва шаҳри, Мир просп., 119-уй, 66-бино) рамзий тўлов – йилига 1 россия рубли эвазига 49 йилга ижарага берилади. Битимни автоматик равишда узайтириш ва, тегишинча, ижара муносабатларини навбатдаги 49-йиллик даврга худди шу шартларда узайтириш назарда тутилган.
Объект Ўзбекистон томонига берилгунга қадар унинг ички қисми таъмирланади ва реставрация қилинади. Ташқи қисмини (фасад) жорий таъмирлаш ижарага олувчи ҳисобидан амалга оширилади.
Москва Ҳукумати ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги битим томонларининг ваколатли органлари ҳисобланади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига халқаро шартнома кучга кириши учун давлатимиз томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ва уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги тегишли билдиришномани Россия томонига юбориш топширилди.
Мамлакатимизнинг мажбуриятлари бажарилиши устидан кейинги назорат Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига зиммасига юкланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.07.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.