Президентнинг 28.11.2017 йилдаги «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, илгари «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, пахта саноати корхоналарини бошқариш тизимини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун комиссия тузилган эди.
«Ўзпахтасаноат» АЖ «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКнинг ҳуқуқий вориси бўлади
Юқорида кўрсатилган комиссия ишининг натижалари қуйидагиларда намоён бўлади:
1. «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКнинг «Ўзпахтасаноат» АЖ, “Ўзпахтаёғ» АЖ ва «Ўзпахтаэкспорт» АЖлари устав капиталидаги улушлари номинал қиймат бўйича давлат мулкига ўтказилади;
2. «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКнинг устав капиталига киритилган қолган активлар давлат улуши сифатида «Ўзпахтасаноат» АЖнинг устав капиталига баланс қиймати бўйича ўтказилади;
3. «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК мол-мулкининг қолган қисми баланс қиймати бўйича беғараз берилади, шунингдек, «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХКни кейинчалик тугатиш йўли билан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари «Ўзпахтасаноат» АЖга ўтказилади;
4. «Ўзпахтаэкспорт» АЖ, «Ўзпахтасаноат» АЖ ҳудудий филиалларининг мол-мулкини баланс қиймати бўйича ўтказган ҳолда уларни «Ўзпахтасаноат» АЖга қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади. «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаларини қўшиб олиш жараёни якунига етказилмоқда;
5. Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига унинг тузилмасида 20 бирликдан иборат тегишли бошқарма ташкил этган ҳолда пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш функцияси юкланади;
6. 2018 йил 1 январдан бошлаб «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидан «Ўзстандарт» агентлиги тузилмасига ўтказилади.
Юқорида айтиб ўтилганлар нуқтаи назаридан қарор «Ўзпахтасаноат» АЖнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларини белгилайди. Компаниянинг ташкилий тузилмаси, ижро этувчи аппарати тузилмаси, шунингдек унинг таркибига кирувчи ташкилотлар рўйхати маъқулланди.
«Ўзпахтасаноат» АЖ Тошкент шаҳри, Шота Руставели кўчаси, 8а-уй манзили бўйича жойлаштирилади.
«Ўзпахтасаноат» АЖ пахта толаси, пахта линти ва техник чигитни реализация қилади
«Ўзпахтасаноат» АЖ пахта тозалаш корхоналарининг тайёр пахта маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ва ўз вақтида етказиб бериш бўйича ишларини мувофиқлаштириш «Ўзпахтасаноат» АЖнинг минтақавий пахта терминаллари томонидан амалга оширилади.
Пахта толаси, пахта линти ва техник чигитни истеъмолчиларга реализация қилиш пахта тозалаш корхоналари билан тузиладиган воситачилик шартномалари орқали «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан амалга оширилади. Бунда ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали реализация қилишнинг ўрнатилган тартибига риоя этилади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.