2.08.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-705-сон Қонун қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.
«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда 28-«Фуқароларнинг розилигиз тиббий хизматлар кўрсатиш» моддаси «Фуқароларнинг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатиш, профилактик эмлаш» деб қайта номланди. Ушбу модда 2-қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 113-«Ишдан четлаштириш» моддаси 3-қисми янги норма билан тўлдирилди, унга мувофиқ ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган, шунингдек карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касал-ликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.
Ҳужжат 3.08.2021 йилдаги «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Эльмира Сиразиева.