Марказий банк Бошқарувининг қарори (рўйхат рақами 2707-2, 3.04.2018 йил) билан Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди.
Илгари гаровга бериладиган валюта депозитининг қиймати кредит қолдиғининг 125%идан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган эди. Энди валюта депозити кредит қолдиғи қийматидан 5% (105%) ортиқ бўлиши керак.
Бундан ташқари, энди депозит омонати Марказий банк валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курси ўзгарганда қайта баҳоланиши лозим. Илгари у ҳафтасига 2 марта амалга оширилар эди.
Шу билан бир қаторда, банкларнинг лизинг операциялари бўйича таваккалчиликларига талаблар Низомдан чиқариб ташланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.