12.02.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-673-сон Қонун қабул қилинди.
ЖКнинг 1482-моддасига ва МЖТКнинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришларда вояга етмаганларни бирор-бир шаклда маъмурий тарзда меҳнатга мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган (илгари худди шундай қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилган ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган).
ЖК 2161-модда билан тўлдирилди, унда вояга етмаган шахсни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай жиноятни содир этган шахсга нисбатан қуйидаги жазо чоралари қўлланилади:
- 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
- ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шунингдек ЖК 1281-модда билан тўлдирилди, унда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахснинг 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлгани ҳолда, унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай жиноятни содир этган шахсга нисбатан қуйидаги жазо чоралари қўлланилади:
- 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Бундай жиноятни содир этган шахс жиноят содир этилгунига қадар 18 ёшга тўлган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Шу билан бирга, ЖПКга ЖКнинг 2161 ва 1281-моддалари 1-қисмида назарда тутилган жиноий ишлар оқибатларини белгиловчи қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.