Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ходим хориждаги хизмат сафарида касал бўлса Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувчилар учун ҳаракатланиш тартибида нималар ўзгаради Автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қандай қўллаш керак

Янги тажриба: пойтахт маҳаллаларида бизнес-марказлар

21.09.2018

Рус тилида ўқиш

 

Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2018 йилдаги 740-сон қарори билан Олмазор тумани маҳаллаларида “Тадбиркорлик марказларини” ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

 

Пойтахтнинг Олмазор туманидаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинида тажриба тариқасида “Тадбиркорлик марказлари” (кейинги ўринларда Марказлар деб аталади) ташкил этилади.  Жалб этилган маҳаллалар рўйхати ҳужжатга иловада тақдим этилган.

 

Тажрибанинг асосий мақсади - тадбиркорлик фаолиятини, ш.ж. оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш.

 

Марказлар бизнес-инкубатор шаклида ташкил этилади (тадбиркорлар, айниқса ёшларнинг лойиҳаларини ривожланишнинг ҳар бир босқичида қўллаб-қувватлайди, таҳр.), юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.  Марказларга раҳбарлик қилиш, уларнинг ишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш фуқаролар йиғинларининг раисларига юклатилди.

 

Марказлар фаолияти билан боғлиқ харажатлар:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари;
  • туман маҳаллий бюджети даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан тушадиган даромадлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.

 

Марказлар фаолиятининг самарадорлиги натижалари таҳлил қилинади ва олинган натижалар бўйича тажриба Олмазор туманидаги бошқа маҳаллаларда жорий этилади.

 

Ташкил этиладиган бизнес-марказлар нима билан шуғулланади

 

Қуйидагилар тадбиркорлик марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • хонадонларни уйма-уй юриб ўрганиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш ва уларни Марказларга кенг жалб этиш;
  • тадбиркорлик асослари: бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари, молиявий менежмент ва бухгалтерия ҳисоби, бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортиш режимини тўғри танлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;
  • фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар бизнес юритиши ва стартапни ташкил этиши учун Марказлар биносидан, шу жумладан ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан жой ажратишга кўмаклашиш;
  • маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, солиққа тортиш, молия ва солиқ ҳисоботларини топшириш, банк хизматлари, биноларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини "ноль" қийматида харид қилиш бўйича маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш;
  • бизнес учун ишончли ҳамкорлар излаш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишда, ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш;
  • махалла ҳудудида ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга:  рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларга ЯИДХП, “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари, банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, консалтинг, баҳолаш, риэлторлик ва бошқа хизматлар ҳақида маълумотлар бериш.

 

Тадбиркорларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш учун Марказлар ходимлари бир йилда икки марта (сентябрь ва март ойларида) ўқув-семинарларда замонавий интерактив ўқув услубларини қўллаган ҳолда билим ва малакаларини оширадилар.

 

Марказлар фаолиятига, зарур ҳолларда, маҳаллий тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг малакали мутахассислари, оқсоқолнинг маслаҳатчилари жамоатчилик асосида жалб қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.09.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_