18.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–476-сон Қонун (52-моддаси) билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Тузатишлар «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган.
Солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда
2018 йил 19 апрелдан бошлаб:
1) Энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар – муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан (Солиқ кодексининг 275-моддаси) ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан (Солиқ кодексининг 290-моддаси) озод қилинадилар.
Энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома мазкур имтиёзни бериш учун асос бўлади.
2) ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (Солиқ кодексининг 356-моддаси) туристик фаолият субъектлари учун – туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади.
2018 йил 19 июлдан бошлаб:
1) Пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан бу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 308-моддаси).
2) Кўп тармоқли фермер хўжаликлари – ягона ер солиғи тўловчилар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ЯСТни тўлашдан беш йил муддатга озод этилади.
Айрим нормалар таркиби кенгайтирилди
1) Солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар (хўжалик фаолияти юритилаётган ерлар бундан мустасно) – тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос объектлари, хотира боғлари эгаллаган ерлар киради (Солиқ кодексининг 282-моддаси).
Илгари тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига тарихий-маданий қўриқхоналар, хотира боғлари, сағаналар, археология ёдгорликлари, тарих ва маданият ёдгорликлари эгаллаган ерлар кирар эди.
2) Давлат органлари – ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан, шунингдек жисмоний шахсларга тегишли бўлган, тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда жисмоний шахслардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан умумий юрисдикция судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 329-моддаси).
Илгари жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулкни давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар рўйхатида илмий ва маданий қимматликлар бўлмаган.
Давлат божини тўлаш тартиби аниқлаштирилди
Нотариал ҳаракатлар бажарилганлиги учун давлат божи ундириш тартибига аниқлик ва қўшимчалар киритилди (Солиқ кодексининг 338-моддаси).
Улардан бири: давлат нотариал идораси биносидан ташқарида – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида нотариусларнинг сайёр қабуллари чоғида амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар учун давлат божи бир баравар миқдорда ундирилади (илгари – икки баравар миқдорда).
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Татьяна Белоусова.