Президентнинг 28.06.2019 йилдаги ПҚ-4375-сон қарори билан Принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури («Йўл харитаси»), шунингдек уларнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича бошқа ҳужжатлар тасдиқланди.
Ташкилий масалалар
Мудофаа, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида шундай лицейдан биттадан шакллантирилади. Уларнинг ҳар бирига олий таълим муассасалари ва олий ихтисослаштирилган таълим муассасалари (кейинги ўринларда – муассаса) бириктирилади. Шунингдек, уларнинг негизида принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ташкил этиладиган лицей ва коллежлар рўйхати тасдиқланди.
№ |
Шакллантириладиган муассаса номи |
Негизида янги муассаса ташкил этиладиган муассаса |
«Темурбеклар мактаби» бириктириладиган муассасалар |
1. |
Мудофаа вазирлигининг Фарғона "Темурбеклар мактаби" ҳарбий- академик лицейи |
Мудофаа вазирлиги ҳарбий-техник йўналишидаги Фарғона академик лицейи |
Фарғона давлат универеитети ва Қуролли Кучлар Академияси |
2. |
Давлат хавфсизлик хизмати Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи |
Қибрай “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи |
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Давлат хавфсизлик хизмати институти |
3. |
Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий- академик лицейи |
Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали қошидаги академик лицей |
Бердах номидаги Қорақалпоғистон Давлат университети ва Ички ишлар вазирлиги Академияси |
4. |
Миллий гвардия Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи |
Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи |
Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ва Миллий гвардия ҳарбий-техника институти |
5. |
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи |
Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи |
Қарши давлат университети ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси |
Қуйидагилар «Темурбеклар мактаби»нинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ўқувчиларда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига, унинг маданияти ва урф-одатларига чуқур ҳурматни, уларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахс сифатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;
- халқимизнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида, Ўзбекистон халқига содиқ, қатьий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш;
- ўқувчиларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек, уларга ҳарбий ишдаги бошланғич билимларни сингдириш;
- нотиқлик ва етакчилик ҳислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Қуролли Кучлар ва давлат хизмати учун кадрлар резервини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш.
Белгиланишича:
- янги шакллантирилаётган “Темурбеклар мактаблари”га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
- ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади;
- битирувчиларга олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - ДТМ) томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30%и миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15%и миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади;
- имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида “Темурбеклар мактаби” бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларсиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқи берилади;
- лицейни тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади. “Темурбеклар мактаби”ни тамомлаганлик тўғрисидаги кўкрак нишонининг ягона намунаси вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Кўкрак нишони китель кўкрак қисмининг ўнг томонига тақилади.
Ўқувчиларни саралаш тартиби
“Темурбеклар мактаби”га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистоннинг фуқаролари ўқишга қабул қилинади.
Номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари билан ишлаш, ташкилий ишларни бажариш, зарур материал ва хисоботларни тайёрлаш учун ҳарбий-академик лицейда қабул комиссияси тузилади, унинг таркиби ҳар йили вазирлик ва идоралар раҳбарларининг буйруғи билан тасдиқланади. У ўз фаолиятини “Темурбеклар мактаби”нинг Устави асосида амалга оширади.
Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат. Саралаш танловини ўтказиш муддати ДТМ билан келишилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан белгиланади.
Дастлабки танлаш якунларига кўра қуйидагилар кириш учун рад жавобини берилишига асос бўлади:
- номзоднинг Ўзбекистон фуқароси эмаслиги;
- номзодга нисбатан жиноий иш қўзгатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги;
- жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатьи назар содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги;
- яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги.
Ҳарбий-касбий танлов вақтида якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра шундай қарор қабул қилинган тақдирда номзодлар тест синовларига қўйилмайди.
Суҳбат етакчилик сифатлари, мантиқий фикрлаш даражаси, саводхонлиги, ақлий қобилиятлари ҳамда бошқа ҳарбий хизматчи ва давлат хизмати ходими учун муҳим касбий сифатларини аниқлаш мақсадида психофизиологик хусусиятларини ўрганиш ва диктант натижалари асосида ўтказилади.
Тест синовлари билимларнинг умумий ўрта таълими фанлари (5-9 синфлари кесимида)нинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун ўтказилади. Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан - ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.
Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига “Темурбеклар мактаби”га кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20%и миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.
Тест синовлари натижасидан норози бўлганлар апелляция шикояти беришлари мумкин. Ариза “Темурбеклар мактаби”да ташкил этилган апелляция комиссиясига берилади.
Ўқувчиларни қабул қилиш тартиби
Номзодларни ўқувчилар таркибига киритиш ДТМ томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади.
Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:
- халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари - белгиланган қабул квотаси доирасида;
- ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ФВВ қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари - квотадан ташкари;
- етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида - квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5%идан кўп бўлмаган миқдорда.
“Темурбеклар мактаби”га ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчи деб аталади, уларга белгиланган намунадаги ўқувчи билети ва рейтинг дафтарчаси берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.