Вазирлар Маҳкамасининг 12.03.2018 йилдаги 195-сон қарори билан Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 24-сон қарори (шарҳга қаранг) билан бундай жамғармаларнинг ташкил этилиши назарда тутилган. Улар илмий-амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар, тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш учун зарур.
Намунавий низомда жамғарма маблағларини бошқариш ва улардан фойдаланиш тартиби белгиланган. У хўжалик юритувчи субъект соф фойдасидан 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Молиялаштиришни талаб этувчи инновацион лойиҳалар илмий-техник экспертизадан ўтказиш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг илмий-техник кенгашига тақдим этилади. Унинг натижалари бўйича қарор қабул қилинади:
- лойиҳани молиялаштиришга қабул қилиш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида;
- лойиҳани қайта ишлашга ёки қўшимча экспертизага юбориш тўғрисида.
Илмий-техник кенгашнинг ижобий хулосаси тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида жамғарма маблағлари ажратилиши учун асос ҳисобланади.
Хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг илм-фан ва инновациялар бўйича ўринбосари илмий-техник ва инновацион лойиҳалар учун буюртмалар портфелини қуйидаги меъёрлар асосида шакллантиради:
- лойиҳаларнинг корхона эҳтиёжларига мувофиқлиги;
- иқтисодий ва экологик самарадорлик;
- меҳнат сарфи ва ресурсларни мақбуллаштириш;
- маҳсулотнинг энергия самарадорлиги ва рақобатбардошлиги;
- илмий ҳажмдорлик, импорт ўрнини қоплаш ва экспортга йўналтирилганлик;
- маҳаллий хом ашё асосида технологияларни ишлаб чиқиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 13.03.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.