Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2022 йилдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини илмий-методик таъминлаш, йўлларда эксплуатация-монтаж фаолиятини тартибга солиш ҳамда “Хавфсиз йўл” индексини юритиш амалиётини жорий этиш тўғрисида”ги 415-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон қарорини амалга ошириш учун:
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказилган;
- ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар)лари бўйича “Хавфсиз йўл” индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилган.
Бунда индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилади. Ҳар чорак якунида индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 29 та индикатор бўйича баҳоланади.
Туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.
Шунингдек қарор билан Президентнинг 2021 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш марказининг вазифалари белгиланди:
- ЙТҲ сабабларини ўрганишга доир тадқиқотлар ўтказилишини ва мувофиқлаштирилишини ташкил этиш;
- йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
- йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга имкон бераётган асл омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
- йўл ҳаракати иштирокчиларини ЙТҲдан ҳимоя қилиш даражасини оширишнинг ҳуқуқий, муҳандислик-техник, ахборот, ташкилий-методик муаммоларини тадқиқ этиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Қорақалпоғистон ИИВ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари эксплуатация- монтаж бўлинмаларининг намунавий низоми;
- Йўл чизиқларини чизишга, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатишга, алмаштиришга ва уларга техник хизмат кўрсатишга аутсорсинг хизматини жалб этиш тартиби тўғрисидаги низом;
- ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси тўғрисида низом;
- Туман (шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш бўйича “Хавфсиз йўл” индексини юритиш методологияси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.