Вазирлар Маҳкамаси 28.04.2021 йилдаги "Зомин" туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 254-сон қарорни қабул қилди.
Ҳужжат Президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6201-сон Фармонини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- "Зомин" туристик-рекреацион зонаси (кейинги ўринларда - туристик зона) чегараларининг тавсифи;
- "Суффа платоси.2 400" халқаро умуммавсумий курорти ва "Ўриклисой" туризм мажмуаси чегараларининг тавсифи;
- "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепцияси;
- "Зомин" туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш ҳамда ҳудудда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури;
- "Зомин" туристик-рекреацион зонаси ва унга қадар бўлган ҳудудда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури.
Туристик зонанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди:
- туристик зонада махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш;
- ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш;
- ҳудудда янги транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;
- туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини яратиш;
- туристик зона ҳудудида лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш;
- энергиянинг муқобил ва қайта тикланувчи манбаларини қўллаган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни жорий қилиш;
- ҳудудда ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш.
Шунингдек, ҳужжат билан "Зомин" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси" ДУК ташкил этилди ва унинг Устави тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.