Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Нима учун солиқ тўловчи ҳақлиги презумпцияси кам ҳолларда қўлланилади

10.03.2017

Солиқ кодексининг (СК) 11-моддасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилиниши (унинг ҳақлиги презумпцияси) мустаҳкамланган. Бироқ амалиётда мазкур қоидадан фойдаланишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди. Экспертларимиз ушбу қоидадан анча фаол фойдаланиш йўлларини таклиф қиладилар.

Презумпция – бу акси исботланмагунча тан олинадиган тахминдир. Моҳиятан, бу амалдор қарор қабул қилиши учун ҳақиқий ва юридик асослар етарлича мавжуд бўлмаганда риоя қилиши керак бўлган қоидадир. Бир қарашда ҳаммаси ниҳоятда ҳаётдан узилгандек туюлади. Бинобарин, презумпциялар аниқ низолар якунида катта роль ўйнайди.

 

Масалан, 2017 йил 1 январдан Солиқ кодекси 135-моддасининг қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисми амал қила бошлади*:

 

“Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда қарз олувчининг даромади заёмни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Даромадни аниқлашнинг худди шундай тартиби заёмни (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамни) олиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган заёмларга (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдамга) нисбатан қўлланилади”.

 

Уни ўқиганда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ҳам унинг мазмунини, ҳам қўллаш тартибини ҳар хил тушунишлари мумкин:

 

  

Айрим солиқ тўловчиларнинг нуқтаи назари

 

 

Солиқ органларининг нуқтаи назари

 

Мазкур норма янги ҳисобланади ҳамда 2017 йил 1 январдан жорий қилинган, шу боис у ўтган даврларга (СКнинг 3-моддаси), яъни 2016 йилнинг 31 декабрига қадар қўлланилиши мумкин эмас.

Ушбу қоида шунчаки бунгача мавжуд бўлган СКнинг умумий нормаларини аниқлаштирган. СКнинг 135-моддаси мазмунига асосан илгари ҳам заём бўйича фоизнинг мавжуд эмаслиги ёки паст фоизлилигига солиқ органлари томонидан  қарздорнинг текин олинган мулкий наф тарзидаги даромади сифатида қараш амалиёти мавжуд эди. Бу ерда мантиқ шундай: модомики заём қайта молиялаштириш ставкасидан  паст ставкада берилаётган экан, бу битим зарар келтиради, чунки қайтариладиган пуллар инфляция туфайли кам харид қобилиятига эга бўлади. Фоизсиз ёки бу ставкадан паст ставкада заём беришга рози бўлганлар, шунчаки қарздорга тафовутни  МБ ставкаси билан ҳадя қилган.  Қарздорга наф бор – солиқ ҳам бор.

Ушбу норма ўтган даврларга қўлланилмаслигини инобатга олган ҳолда:

  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўланмайди, башарти шартнома ушбу қоида кучга киргунча тузилган бўлса, ҳатто қарзни қайтариш 2017 йил 1 январдан кейин амалга оширилган бўлса ҳам;
  • аввал фоизсиз заёмдан фойдаланганлик учун тўланган солиқ қайтарилиши ёки улар ҳисобга олиниши керак.

Агар қонун илгари ҳам солиқ органлари тўғри ҳаракат қилганлигини тасдиқласа:

  • шартнома тузилган сана муҳим эмас: илгари ҳам, ҳозир ҳам фоизсиз заёмдан фойдаланганлик учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўланиши керак;
  • бундай вазиятда солиқларни қайтариш тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас.

 

Мана солиқ қонунчилигидаги ноаниқликлар туфайли иккита бир-бирига зид нуқтаи назарлар. Солиқ тўловчи пулларининг тақдири ушбу вазиятда презумпцияни қўллаш ёки қўлламасликка боғлиқ. Бир қарашда,  СКнинг 11-моддасига кўра низо солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

 

Бироқ солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳақлигини тан олмасликлари эҳтимоли юқорироқ. Сабаби – СКнинг 11-моддаси шунчаки  қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар бартараф этиб бўлмайдиган мезонларни сақламайди. Муаммони анча батафсил таърифлашга ҳаракат қиламиз:

 

1) Қачон қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар қонунчиликда муҳим деб тан олиниши тушунарсиз: агар солиқ тўловчи қонун юзасидан солиқ органлари нуқтаи назаридан фарқ қиладиган тушунчага эга бўлсами ёки бу фактни солиқ органларининг ўзи ёки бошқа давлат органлари тан олсами;

 

2) Қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни бартараф этишга уриниб кўриши керак бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслар белгиланмаган. Буни жойлардаги солиқ инспекторлари, солиқ органлари раҳбарлари амалга оширишга ҳақлими ёки бутун ДСҚ тизимининг ўзи ташқаридан юқори турувчи ва амалда юқори давлат ҳокимияти органларидан тушунтиришлар олиши керакми;

 

3) Солиқ ва бошқа давлат органлари  улар қўллайдиган қонунни талқин қилишда нечоғли эркин эканликлари юзасидан аниқ кўрсатма йўқ. Демак,  қонуннинг икки нормаси ўртасидаги қарама-қаршиликлар жойларда юқори турувчи ва қуйи турувчи, умумий ва махсус НҲҲ ўзаро нисбати (“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси) қоидалари бўйича ҳал қилиниши мумкин. СКнинг ноаниқ нормаларига расмий шарҳни эса фақат битта давлат органи – Конституциявий суд беради (“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддаси 2-қисми). Бироқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларида унга бевосита мурожаат қилиш учун ҳуқуқ йўқ. Қолаверса, солиқ органларининг ўзларида ҳам бу ҳуқуқ мавжуд эмас.

 

4) Презумпцияни қўллашга солиқ тўловчи ва солиқ органлари ўртасидаги низода фақат учинчи ҳакам – иқтисодий ёки маъмурий суд иштирок этган тақдирда йўл қўйилишининг тўлиқ эҳтимоли бор**. СКнинг нормасини ноаниқ ёки қарама-қарши деб тан олиш ҳамда презумпцияни қўллаш ҳуқуқи фақат иқтисодий ёки маъмурий судларга тегишлими? Балки ижро этувчи ҳокимият органлари ҳам буни амалга оширишга ҳақлидир?

 

Бундай номуайян вазиятда солиқ органларининг оддий ходимлари табиийки масалани ҳал қилиш учун жавобгар бўлишни исташмайди, чунки уларнинг ўзларида уларда тегишли ваколатларнинг мавжудлигига ишонч йўқ.  Натижада,  бюджет фойдасига осонгина, асосийси эса, тинчгина ҳал қилиш мумкин.

 

Аммо, фикримизча, қонуннинг ҳар бир нормаси ишлаши керак. Шу боис у “ухлаш режимида” бўлган тақдирда ҳам уни албатта жонлантириш керак. Бунинг учун,  биз солиқ қонунчилигида қарама-қаршиликлар ёки ноаниқликлар мавжудлиги тан олинадиган мезонларни белгилашдан бошлашни таклиф қиламиз. Улар, жумладан қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • солиқ органлари томонидан шунга ўхшаш вазиятларда турли хил қарорлар қабул қилиниши;
  • ваколатли давлат органлари томонидан айнан битта саволга турли хил жавоблар берилиши;
  • иқтисодий ва маъмурий судларнинг айнан битта масала бўйича қарама-қарши амалиёти;
  • ваколатли давлат органлари ҳузуридаги эксперт кенгашлари томонидан тегишли хулосалар берилиши. 

 

Муаммони битта мақолада қамраб олиш мумкин эмаслигини инобатга олиб, ўқувчиларга ўз фикр-мулоҳазаларини шарҳларда изҳор қилишларини таклиф қиламиз. Конструктив ғоялар умумлаштирилади ва биз томондан қонунчиликка ўзгартиришлар бўйича таклифлар тарзида киритилади.

 

Абдураҳмон Бахтиев, Самир Латипов,

экспертларимиз.

 

 

 


* У бошқа моддалар билан биргаликда солиқ тўланиши лозим бўлган юридик шахслар даромадларини ҳисоблайди.

** Суд тизими ислоҳоти муносабати билан процессуал қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунга қадар шу каби ишларни қандай суд кўриб чиқишини бир маънода тасдиқлашнинг имконияти йўқ.

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48