Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради
  • www.norma.uz
  • Разное
  • Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

15.02.2017


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ҚАРОРИ

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

 

2. Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши эътиборга олинсин:

 

ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;

 

юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;

 

турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;

 

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

 

мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

 

маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

 

3. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ва Низомини тасдиқлаш, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.

 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Марказ биноси ва унинг кутубхонасини қуриш, зарур моддий-техник база ва инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 

4. Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро диний-илмий марказларнинг маблағ ва грантлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

 

5. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағлари учун Марказнинг ҳисоб рақами очиқ экани қайд этилсин.

 

Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинсин.

 

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммаларига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                                                                                                                    Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил 14 февраль

 

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48