Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Таъкидлаш лозимки, мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бюджет жараёни очиқлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва сифати, уларни хорижий инвесторларга ва бошқа манфаатдор субъектларга етказиш, шунингдек, парламент вакиллари ва фуқаролик жамиятининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб юритилади) шакллантириш ва ижро этиш жараёнидаги иштироки даражаси етарли эмас.
Бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг шундай тартиби ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизми жорий этилади;
2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланади;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишидан олдин мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши шарт;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича хулосалари мажбурий эълон қилинади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган “Очиқ бюджет” ахборот порталининг (кейинги ўринларда – Портал) ишга туширилишини ва фаолият юритишини таъминласин:
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаларини жойлаштириш орқали бюджет харажатларининг манзиллилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
жамоатчилик фикрини шакллантириш учун туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилиш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш;
бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш
ва бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш имкониятини ўз ичига олган фуқаролар билан қайта алоқани ташкил этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқишда фуқароларнинг Портал орқали келиб тушган фикр ва таклифларини таҳлил қилиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда Халқаро валюта жамғармасининг 2014 йилги давлат молия статистикаси бўйича қўлланмасига мувофиқ ишлаб чиқилган янгиланган бюджет таснифини тасдиқласин;
бир ой муддатда бюджет ҳисоби тартибини Давлат секторида халқаро молиявий ҳисобот стандартларига (IPSAS) уйғунлаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар режасини тасдиқласин;
бюджет шаффофлиги бўйича халқаро рейтингда етакчи ўринларни эгаллаб турган илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида Портални доимий қўллаб-қувватлашни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда икки ой муддатда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Республикасида давлат молиясини бошқариш самарадорлигини Жаҳон банкининг давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари бўйича баҳолашдан ўтказиш чораларини кўрсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Бюджет очиқлиги индекси бўйича рейтингга эришиши, жумладан, Порталнинг яратилиши юзасидан зарур тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, бюджет шаффофлигини баҳолаш учун халқаро молия институтларининг экспертлари ва техник кўмаги жалб этилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
икки ҳафта муддатда баҳолашни ўтказиш муддатини белгилаган ҳолда давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорликни Жаҳон банки мезонлари асосида баҳолашни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқласин;
2018 йил 1 октябрга қадар Порталга жойлаштириладиган маълумотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотларнинг рўйхатини ва уларни жойлаштириш муддатларини тасдиқласин;
2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига ушбу қарор талабларига мувофиқ қонун билан тасдиқланадиган 2020 йилга мўлжалланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳаларининг шаклларини келишиш учун киритсин;
2019 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдан бошлаб Халқаро бюджет ҳамжамиятининг Бюджет очиқлиги индексида иштирок этишини таъминлаш учун “йўл харитаси”ни тасдиқласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
туман (шаҳар)лар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетлар параметрлари ва ижроси ҳақидаги ҳисоботларнинг кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши жараёнининг оммавий ахборот воситаларида ҳар томонлама ёритилишини;
туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари қўшимча манбаларидан камида 10 фоизининг Портал орқали жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат Давлат молиявий статистикасини юритиш ва бюджет очиқлигини таъминлаш бўлими ташкил этилсин ҳамда унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
давлат молиявий статистикасини такомиллаштириш ва бюджет шаффофлигини таъминлаш соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш;
бюджет жараёни ва бюджет маълумотларининг шаффофлигини, хорижий инвесторлар ва бошқа манфаатдор субъектларнинг улардан фойдаланиш имкониятини, бюджет жараёнига фуқароларнинг жалб этилишини, шунингдек, “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрининг эълон қилинишини таъминлаш;
Портални ахборот, услубий, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва бошқариш.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
уч ой муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти томонидан аҳоли ўртасида унинг бюджет саводхонлиги ва бюджетнинг очиқлиги даражасини ўрганишга қаратилган тегишли сўровлар ўтказилишини таъминласин;
сўровлар натижаларига кўра, Жаҳон банкининг услубиётига мувофиқ аҳолининг бюджет саводхонлигини ошириш ишларини амалга ошириш учун техник кўмак жалб этилишини, шунингдек, лойиҳа доирасида умумтаълим мактаблари учун оила бюджети ва давлат бюджети бўйича ўқув қўлланмалар яратилишини таъминласин;
бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 22 август