Лойиҳа
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига
ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган _________________
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-139-сон Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., № 1, 1-модда; 2009 й., № 12, 471-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модда қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
“тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар - давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш ва тиббий-ижтимоий муассасаларига жойлаштирилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар”;
2) 27-модда:
учинчи қисми чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи қисмлар тегишинча учинчи ва тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;
3) қуйидаги мазмундаги 271-модда билан тўлдирилсин:
“271-модда. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар
ҳуқуқларининг кафолатлари
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш ва тиббий-ижтимоий муассасаларига жойлаштирилган кундан бошлаб тўлиқ давлат таъминотида бўладилар.
Тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларга таълим бериш, уларни турар жой, озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларга улар таълим муассасаларини битираётганда ва ишга жойлашаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа жиҳозлар сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда нафақа тўланади”.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 2 январда қабул қилинган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ЎРҚ-364-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., № 1, 1-модда) 22- моддасига қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
“васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахслар”;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
“Шахснинг васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”.
3-модда. Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти