Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартиришлар киритилди (рўйхат рақами 2886-1, 2017 йил 5 сентябрь).
Тузатишлар билан улар амалга оширилганда банклар мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни кўришлари керак бўладиган бир марталик банк операциялари миқдори оширилди. Энди ЭКИҲнинг 500 бараварига (илгари – ЭКИҲниг 100 баравари) тенг ёки ундан ошган сумма қуйидаги ҳолларда лозим даражада текшириш учун асос бўлади:
- жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютаси сотилишида;
- жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасининг майдаланишида, алмаштирилишида ва (ёки) бошқа чет эл валютасига айирбошланишида (конверсия);
- жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасининг инкассога ва (ёки) экспертиза учун қабул қилинишида.
Маълумот учун: тижорат банклари томонидан мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:
- тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;
- мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;
- ўрнатилган иш муносабатлари ёки ўтказилиши режалаштирилаётган операцияларнинг мақсади ва характерини ўрганиш;
- мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.