Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОблагаются ли НДС услуги санатория Что делать, если возникает корректировка НДС при возврате лекарств, проданных без НДС Как обновление интерфейса my.soliq.uz повлияло на работу налогоплательщиков Какие особенности сделок с аффилированными лицами акционерного общества

Пахтани экспортга сотиш – «Ўзпахтасаноат» АЖ орқали

21.02.2018

 

Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2018 йилдаги 106-сон қарори билан Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ушбу Низом «Ўзпахтасаноат» АЖ орқали пахта толасини сотиш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш тартиби ва механизмини белгилайди. Ҳужжат кучга киргунгача «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан пахта толасини экспортга ва республика ташкилотларига сотиш бўйича тузилган контрактлар (шартномалар) улар тузилган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига ва контрактлар (шартномалар) мажбуриятларига мувофиқ бажарилиши шарт.

 

Контрактлар тузиш

 

Етказиб берувчилар[1] томонидан ишлаб чиқарилган пахта толаси улар ўртасида тузилган воситачилик шартномасига мувофиқ «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан сотилади.

 

Воситачилик шартномаси шартларига мувофиқ «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан етказиб берувчиларга ҳақ тўлаш жаҳон бозоридаги конъюнктурадан қатъи назар Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган прейскурант улгуржи нарх бўйича миллий валютада амалга оширилади.

 

«Ўзпахтасаноат» АЖнинг воситачилик ҳақи сотиладиган пахта толаси қийматидан 1%ни (ҚҚС ҳисобга олинмасдан) ташкил қилади.

 

Истисно: фақат «Давлат белгиси» ДИЧБ, «Ўзпахтасаноат» АЖ, Ўзбекистон кўрлар жамияти корхоналари ҳамда ИИВнинг ЖИЭББ муассасалари пахта толасини (улгуржи прейскурант нархи бўйича миллий валютада) «Ўзпахтасаноат» АЖ билан тузиладиган тўғридан-тўғри контрактлар (шартномалар) бўйича сотиб оладилар.

 

Қуйидагилар «Ўзпахтасаноат» АЖ мажбуриятлари ва харажатларига киради:

  • пахта толасини терминалларга EXW – «Франко завод» шартларда[2] етказиб бериш (етказиб берувчининг омборидан ўзи олиб чиқиб кетиш);
  • пахта толасини тушириш, терминалларда сақлаш;
  • суғурталаш (ташишда ва сақлашда);
  • товарни харидорларга юклаб жўнатиш, CFR – Узоқ Шарқ портлари шартларида етказиш (шу жумладан фитосанитария сертификати бериш ва республика ҳудудида ҳарбий қўриқлаш ва транспорт-экспедиторлик хизматлари бўйича тўловлар);
  • юкларни тушириб, бошқасига ортиш (юкни ортиш-тушириш), фумигация ва толани портларда норматив муддатларда сақлаш;
  • Молия вазирлиги билан келишилган тарифлар бўйича пахта толасини сертификатлаш ва ўлчаш бўйича харажатлар;
  • пахта толасини декларациялаш ва божхонада расмийлаштириш харажатлари;
  • банк харажатлари (кафолатлар, маблағларни ўтказганлик учун банк комиссиялари, жўнатиш ҳужжатларини текшириш ва бошқа харажатлар, шу жумладан, банк кредитлари бўйича фоизларни тўлаш харажатлари);
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси (Жамғарма) ва унинг молиявий агентининг, етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун олинадиган қарз маблағлари харажатлари.

 

Шу тариқа, етказиб берувчининг мажбуриятлари кам: сифатли товар ишлаб чиқариш. Пахта толасини етказиб берувчининг омборидан терминалгача етказиб бериш, шунингдек ташиш ва сақлаш чоғида уни суғурталашни «Ўзпахтасаноат» АЖ амалга оширади.

 

Терминаллар «Ўзпахтасаноат» АЖнинг жўнатиш йўриқномаларидан қатъи назар, етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқарилган ва юклаб жўнатиш ҳужжатлари илова қилинадиган пахта толасини ташиш, масъул сақлашга тўсиқсиз қабул қилиш, маҳсулот қабул қилингандан у экспортга ёки республика ташкилотларига қадар етказилгунгача мажбурий суғурталашни амалга оширадилар.

 

Экспорт учун нарх белгилаш

 

«Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан экспортга сотиладиган пахта толасига нархлар хорижий валютада белгиланади. «Биринчи» навли, «Ўрта» классли, 4 типли, 36 кодли базис нарх[3] ҳисоб-китоби белгиланган. Базис нархдан келиб чиқиб, белгиланган коэффициентларни қўллаган ҳолда, пахта толасининг бошқа навлари, класслари, кодларининг нархлари аниқланади.

 

Нархларни белгилаш тартиби, тўлаш ва етказиб бериш шартлари пахта толасининг экспорт контрактлари (шартномалари)да белгиланади.

 

Сотиш ҳажми

 

«Ўзпахтасаноат» АЖ пахта толасини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича тасдиқланган топшириқ параметрларига мувофиқ пахта толасини сотишни амалга оширади.

 

Пахта толасига жаҳон нархлари[4] амалда бўлган даврда тасдиқланган прейскурант улгуржи нархлар паст бўлганда пахта толаси топшириқда назарда тутилган ушбу параметрлардан ошмайдиган ҳажмларда сотилади.

 

Пахта толасининг жаҳон нархлари:

  • тасдиқланган прейскурант улгуржи нархларидан паст бўлган даврда (сотиш бўйича харажатлар ва воситачилик ҳақларини ҳисобга олган ҳолда) «Ўзпахтасаноат» АЖда ҳосил бўлган салбий тафовут суммаси тугалланган контрактлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида белгиланган тартибда Жамғарма томонидан қопланади;
  • тасдиқланган улгуржи прейскурант нархларидан юқори бўлган даврда – ҳар чоракда ҳисоблаб чиқиладиган сотиш бўйича харажатлар ва воситачилик ҳақларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, тегишли йил ҳосили бўйича пахта толасини сотиш якунларига кўра «Ўзпахтасаноат» АЖда ҳосил бўлган ижобий тафовут суммаси – Жамғарманинг айланма маблағларини тўлдириш учун Жамғармага йўналтирилади.

 

Маҳаллий етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар

 

«Ўзпахтасаноат» АЖ ва пахта тозалаш корхоналари ўртасида пахта толаси учун ҳисоб-китоблар тасдиқланган схема бўйича амалга оширилади. Муайян йил ҳосили бўйича ўзаро солиштирма далолатномалари тегишли йил пахта толасини юклаб жўнатиш тугагандан сўнг 30 кун мобайнида тузилади. Ҳосил бўйича якуний ҳисоб-китоблар тузилган шартномаларга мувофиқ муддат мобайнида амалга оширилади.

 

«Ўзпахтасаноат» АЖ етказиб берувчилар билан ҳисоб-китобларни пахта толасини сотиш контрактлари бўйича тушган маблағлар, қарз маблағлари, шунингдек, салбий фарқни қоплашга ажратилган маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 14.02.2018 йилдан кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


  

Зумрад Ниязметова,

адвокат.

 


[1] Низом доирасида етказиб берувчилар деганда «Ўзпахтасаноат» АЖ таркибига кирадиган пахта тозалаш корхоналари тушунилади. 

[2] «Ех Works» («Франко завод») сотувчи ўз хоналарида ёки бошқа келишилган жойда (яъни корхонада, омборда ва ҳ.к.) товарни харидор тасарруфига тақдим этиб, етказиб беришини англатади. Сотувчи товарни ҳар қандай транспорт васитасига юклаб ортиши шарт эмас, шунингдек олиб чиқиш учун зарур расмиятчиликларни, агар улар қўлланса, бажаришга мажбур эмас (Инкотермс 2010, 2011 йил 1 январда кучга кирган).

[3] «Cotton Outlook» бюллетенида эълон қилинадиган «А» индекси ва унинг Ўзбекистон компоненти котировкаларининг ўртача миқдоридан, Ўзбекистон компоненти эълон қилинмаганда эса – «А» индекси + 3,0 ц/ф котировкасидан келиб чиқиб, CFR – Узоқ Шарқ портлари шартларида «Биринчи» навли, «Ўрта» классли, 4 типли, 36 кодли пахта толасининг 1 тоннаси учун ҳисоб-китоб. Низомда ҳисоб-китобнинг аниқ формуласи кўрсатилмаган.

[4] «Cotton Outlook» бюллетенида эълон қилинади (CFR – Узоқ Шарқ портлари шартларида «А» индекси ва унинг Ўзбекистон компоненти котировкаларининг ўртача миқдори).