Norma.uz портали 2023 йил 1 мартдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
Банклар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатишни молиялаштиришади
Амалга киритилаётган “яшил энергия” банк молия маҳсулоти тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларини жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш учун мўлжаллаштирилган.
Электр ва газ истеъмоли бўйича ҳуқуқбузарликлар электрон расмийлаштирилади
Назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-ma'muriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилади.
IT-парк резидентлари учун тўлов мажбуриятлари миқдори камайтирилади
IT-парк дирекцияси унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдорини, улар томонидан яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови 500 минг фойдаланувчидан ошганда 25 фоизга, 1 миллион фойдаланувчидан ошганда 50 фоизга пасайтиради.
Давлат харидлари бўйича чекловлар ўрнатилоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.
Солиқ текширувлари устидан судга шикоят киритиш мумкин бўлади
Солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади
Иккита ташкилий-ҳуқуқий шакл бекор бўлмоқда
Унитар корхона ва қўшимча масъулиятли ташкилот шаклида юридик шахс ташкил этишга йўл қўйилмайди, 2025 йил 1 январга қадар эса мазкур шаклдаги юридик шахслар бошқа шаклда қайта ташкил этилади.
Қимматли қоғозлар ҳақида маълумотлар ОАВда эълон қилинади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки кунлик муддатда ОАВ ва (ёки) ўзининг сайтида қуйидаги маълумотларни эълон қилади:
- қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш;
- қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш;
- қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириши, хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.
ҚҚС тўловчилар активлари ҳақидаги маълумотни «Е-aktiv»га киритишга мажбур бўлишади
ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 % ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун қуйидагилар мажбурий ҳисобланади:
- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни давлат солиқ органларининг "E-aktiv" автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш;
- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқарилганда уч иш кунидан кечиктирмасдан "E-aktiv" автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш.
Экстернат тартибида имтиҳонлар топшириш учун аризалар қабул қилиш бошланади
Ўқувчилар экстернат тартибида имтиҳонлар топшириш учун ЯИДХП орқали аризаларни қабул қилиш муддати 1 майга қадар давом этади.
Этноспорт бўйича мусобақалар ўтказилади
2023 йилдан бошлаб этноспорт турлари бўйича ҳар йили мусобақалар ўтказилади. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳар йили этноспорт турлари бўйича «Uzbekistan Ethno Games» республика фестивали, Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивали ташкил қилинади. Бунда «Ичан қалъа» мажмуасида фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказилади.
Қийноққа солишга қарши курашиш бўйича курслар ташкил этилади
Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.
Собир Нурбердиев.