norma.uz портали 2021 йил 1 майдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.
Кўп қаватли уйлар ишончли бўлади
Кейинги босқичга мувофиқ янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотлар бўйича электрон техник паспортлар расмийлаштирилади.
Хайрия ишлари шаффофлашади
«Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади. У ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш имконини беради.
Молия вазирлиги қимматли қоғозлар бозорини тартибга солади
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилади. Тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек корпоратив бошқарувни ривожлантириш ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилади.
Божхона аудитини икки марта ўтказиш тақиқланади
Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
Амалдорлар ҳузурига ташрифлар сони қисқартирилади
Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божи тўловини электрон тарзда ЯИДХП орқали қабул қилиш имкони яратилади.
- Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига қараб қуйидаги давлат хизматлари натижалари почта алоқаси орқали етказиб берилади:
- ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда имтиёзли даволаниш учун йўлланмалар бериш;
- ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш, алмаштириш ва йўқотилган гувоҳномалар ўрнига янгисини бериш;
- болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш учун йўлланмаларни бериш;
- қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи шахсларни аккредитациялаш;
- мулк ҳуқуқига давлат ордерини бериш ва бошқалар.
Давлат органлари жамғармалари фаолияти тўғрисидаги ҳисобот сайтларга жойлаштирилади
ОАВ ва Интернетда қуйидаги молиявий маълумотларни эълон қилиш амалиёти жорий этилади:
- давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари;
- устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улушига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек устав фондидаги (устав капиталидаги) 50 фоиз фа ундан ортиқ улушга эгалик қиладиган юридик шахсларнинг харидлари;
- давлат субсидиялари ва грантлари миқдорлари ва уларни олувчилар.
- барча давлат органлари ва ташкилотларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижро интизомини назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат «Ijro.gov.uz» тизими орқали амалга оширилади.
Амалдорлар сони қисқартирилади
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сонини 15%гача мақбуллаштириш ҳамда уларнинг янгиланган чекланган сонини белгилаш ишлари амалга оширилади. Вазирлик ва идораларнинг раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилади.
Миллий гвардия тузилмаси қайта ташкил этилади
Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати қайта ташкил этилиши муносабати билан Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасида:
- объектлар босқичма-босқич ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларига ўтказилади, мақбуллаштирилган аралаш қўриқлаш турлари жорий қилинади, жисмоний қўриқлашни қисқартириб боришга оид чора-тадбирлар амалга оширилади;
- Қўриқлаш бош бошқармаси куч ва воситаларини бошқариш тизими ҳудудий бўлинмалар сонини оптималлаштириш, саф бўлинмаларини туман (шаҳар) қўриқлаш бўлимлари сифатида қайта ташкил этиш ва туманлараро қўриқлаш бўлимларини ташкил этиш орқали такомиллаштирилади;
- Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари лавозимларини жамлаш устувор тарзда Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмаларининг тегишли касбий тайёргарликка эга, тайёргарлик машғулотлари ва танлов босқичларидан ўтган ишчи ва хизматчилари орасидан танлаб олиш орқали амалга оширилади, тор доирадаги мутахассисликка эга бўлган номзодлар бундан мустасно.
Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлиги рейтинги автоматик тарзда аниқланади
Фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимини юритиш учун портал тест режимида ишга туширилади.
Мамлакатда 15 йил яшаганларга Ўзбекистон фуқаролиги берилади
Мамлакатимизга 1.01.2005 йилга қадар келиб, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаётган, шунингдек мамлакатимизда 15 йил давомида Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилинади.
Ёшларга имтиҳон харажатлари учун компенсация берилади
- Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда давлат хизматлари ходимлари иштирокида Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тўғрисидаги маъмурий регламентни амалга ошириш самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга бағишланган ўқув семинарлар ўтказилади;
- Қуйидаги имтиҳонлар бўйича харажатлар Ёшлар ишлари бўйича агентлик томонидан «Халқ банки» АТБ орқали компенсация қилинади:
- International English Language Testing System (IELTS);
- Test of English as a Foreign Language internet Based Test (TOEFL) iBT;
- Graduate Management Admission Test (GMAT);
- Graduate Record Examinations (GRE);
- Scholastic Assessment Test (SAT).
Наргиза Воҳидова.