Чоршанба, 5 август куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси иккинчи ўқишда қабул қилинди. У ҳуқуқий тартибга солиш ёндашувлари ва усуллари билан фарқланади. Масалан, ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди. Ўзгаришлар сифат ва шаффофликни таъминлаш, шу жумладан соҳани рақамлаштириш орқали коррупциянинг олдини олишга қаратилган. Қурилиш материалларига бўлган талаблар қайд этилган, бу қурилишда энг замонавий, илғор технологиялар ва энергия тежовчи материалларни қўллаш учун хизмат қилади.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари қуйидаги жиҳатларни таъкидлаб ўтдилар:
- аҳоли пунктлари бош режаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик назорати жорий этилади – фуқаролар ўзи яшайдиган шаҳар ёки қишлоғининг бош режаси тасдиқланишида иштирок этади. Бу ҳудудларда ортиқча сарф-харажатлар, ноқонуний қурилмалар, ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштиришларнинг олдини олишга муҳим омил бўлади;
- ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиш ва зарарни қоплаш тартибга солинди – юридик ва жисмоний шахсларга компенсация тўлиқ қопланиб бўлганидан кейин бузилиши мумкинлиги белгиланди. Шу тариқа фуқаролар норозилик ва шикоятларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш режалаштирилмоқда.
«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди. Эслатиб ўтамиз, депутатлар томонидан у 2019 йил октябрда қабул қилинган эди, бироқ Сенат томонидан камчиликлар мавжудлиги сабабли рад этилган эди. Шу муносабат билан иккала палата ўртасида тузилган келишув комиссияси қонун лойиҳасини таҳрир қилиб чиқиб, арбитрлар ва арбитраж суд ишини юритувчи бошқа иштирокчиларининг иммунитети тўғрисидаги ҳамда арбитраж иш юритувчида вакиллик тўғрисидаги каби моддалар билан тўлдирилди, айрим нормаларга аниқликлар киритилди.
Депутатлар келишув комиссияси томонидан таклиф этилган таҳрирни маъқулладилар ҳамда Сенатга юбордилар. Қонун низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисоблангани боис долзарблик касб этмоқда. Ҳужжат билан ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлаш мақсадига хизмат қилади.
Сўнгра парламент аъзолари «Архив иши тўғрисида»ги Қонунга киритиладиган тузатишларни муҳокама қилдилар, уларга мувофиқ:
- давлат архивларида ҳужжатларнинг электрон базалари шакллантирилади ва архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратилади;
- ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли уларни Миллий архив фондида сақлаш сифати тушиб кетмоқда, ташкилотлар тугатилганда ҳужжатларни мажбурий тартибда топшириш тўғрисидаги амалдаги норма нодавлат архивларининг шаклланишига ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда – буларнинг олдини олиш мақсадида тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини нодавлат архивларида сақлашга рухсат берилади;
- Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирлик ва идоралар, тармоқ давлат фондлари ҳамда ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивлари ташкил этилади – ҳозирги пайтда уларнинг ҳуқуқи мақоми белгиланмаган.
Шунингдек иккинчи ўқишда бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан Оила кодекси кўриб чиқилди. «Кўп болали оила» тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Депутатларнинг фикрича, тўрт нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган ёки таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган 22 ёшга тўлмаган боласи бўлган оилалар кўп болали оилалар тоифасига киритилади. Ягона ёндашув барча кўп болали оилаларга турар жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.