«Ҳудудгазтаъминот» АЖ корхоналари барча сервис хизматлар ва уларга боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олади. Истеъмолчилар фақат ҳисоблагичнинг бутлигини кузатиб борадилар. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати янги қоидаларга тушунтириш берди.
Амалдаги текширув тартиби қандай
Ҳозир газ таъминоти ташкилоти белгиланган муддат тугагунига қадар бир ой ичида ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш тўғрисида хабар беради. Абонент 44 600 сўм тўлаб, Давлат хизматлар маркази ёки ЯИДХП орқали буюртма беради (20.08.2019 йилдаги 698-сон ВМҚга қаранг). Газ таъминоти ташкилоти мутахассислари 3 кун ичида газни ҳисобга олиш ускунасини демонтаж қиладилар, сўнгра «Ўзстандарт» агентлигининг метрология хизматига юборадилар. Таомил қарийб 10 кун, агар ҳисоблагич таъмирланиши лозим бўлса ундан кўпроқ давом этиши мумкин.
– 2020 йил 9 март ҳолатига кўра Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали ҳисоблагични қиёслашдан ўтказишга оид 85 866 та мурожаат келиб тушган, – деб маълум қилади «Ҳудудгазтаъминот» АЖ метрология таъминоти бошқармаси бошлиғи Ольга Вайзбург. – «Ўзстандарт» агентлигининг метрология хизмати текширувлари натижаларига кўра 4 778 ҳисоблагич ёки умумий сонининг 5,5%и яроқсиз деб топилган. 2,6 мингдан кўпроқ ҳисоблагич таъмирланган ва қайта текширувга юборилган. Газни ҳисобга олувчи ускуналарнинг 33 мингтадан ортиғи яроқли деб топилган ва яна истеъмолчиларга ўрнатилган.
Истеъмолчи зарар кўрмайди
2022 йилгача барча тоифадаги истеъмолчилар учун газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш вазиятни изга туширишга имкон беради. Бу Президентнинг 9.07.2019 йилдаги «Нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш, иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4388-сон қарорида назарда тутилган. Тизим қарзлар пайдо бўлиши, узилишларни буткул бартараф этишга, йўқотишлар камайишига ва истеъмолчини «зангори ёқилғи»дан ноқонуний фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантиришга имкон беради.
Тизимни жорий этиш механизмларидан бири янги, газни ҳисобга олувчи «ақлли» ускуналарни ўрнатишдан иборат. Улар харажатни юқори тезликда ҳисоблайди ва маълумотларни реал вақт режимида узатади. Бу дебиторлик қарзи кўрсаткичларини камайтиради ва табиий газни ҳисобга олиш биллинг тизимида инсон омили ёрдамида кўрсаткичларни ўзгартиришни бартараф этади.
Мижозлар учун яна бир муҳим жиҳат илгари уларнинг мулкида бўлган барча ҳисоблагичларни газ таъминоти корхоналари балансига бериш ҳисобланади. Бу нимани ўзгартиради? Барча тоифадаги истеъмолчиларга «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг маблағлари ҳисобига, яъни бепул «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиб берилади. Унинг тузилмасидаги бўлинмалар ускуналар мулкдорлари бўлади. Истеъмолчи текширув ўтказиш учун хабарнома келишини кутмайди, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали буюртма беради. Барча сервис хизматлари ва улар билан боғлиқ харажатлар (ўрнатиш, ечиш, текшириш, таъмирлаш) газ таъминоти ташкилотлари гарданига тушади, истеъмолчилар эса ҳисоблагичларнинг бутлиги учун жавобгар бўладилар.
Текширув ишлари қандай олиб борилади
«Ақлли» ҳисоблагичлар 10 йилда бир марта текширилади. Ҳисоблагичлар носоз бўлган ҳолатларда, газ таъминоти ташкилотлари томонидан ушбу далил мустақил равишда аниқланади ва тегишли чоралар кўрилади. Яқин келажакда истеъмолчилар турли инстанцияларга ташриф буюрмайдиган ва ҳисоблагичларга хизматлар кўрсатишга оид харажатлар қилмайдиган бўладилар. Истеъмолчилардан янги ускуналарни эҳтиёт қилиш ва бутлигини сақлаш сўралади.