2019 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва экология соҳасидаги бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масала — «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бормоқда. 2016 йилда 4102 та, 2017 йилда 5245 та, 2018 йилда эса 6043 та ҳуқуқбузарлик содир этилган.
Давлат экология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа Жиноят кодексида белгиланган, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда Маъмурий жавобгарлик кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жавобгарликни ошириш йўли билан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шундан сўнг депутатлар «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар.
Лойиҳа атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизими учун ҳуқуқий асосларни яратиш, атом энергияси тўғрисида амалдаги барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни мамлакатимиз томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлар билан мувофиқлаштириш, атом энергиясидан фойдаланишда юридик шахслар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий қонунчиликка хорижий давлатларнинг энг самарали тажрибаси ҳамда механизмларини жорий этишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси билан атом энергетикаси соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, атом энергетикасини ривожлантириш, ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган — Энергетика вазирлиги ва «Ўзатом» агентлиги ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари белгиланмоқда. Атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш тизими жорий этилмоқда.
Мажлисда Давлат экология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини (2001 йил 22 май, Стокгольм) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган. Ҳозирги кунда 182 та мамлакат конвенция иштирокчиси ҳисобланади. Конвенция мажбурий характерга эга, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга қаратилган. У одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралайди ёки тақиқлайди.
Баҳс-мунозара ва муҳокамалардан сўнг мазкур қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда, шунингдек, Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати материаллари асосида.