Истеъмолчи автомашина сотиб олишга қарор қилган, бироқ харид учун ўз маблағлари етарли бўлмаган. Бундай вазиятда унинг олдида одатда икки йўл туради: тижорат банкларидан қарзга маблағ олиш ёки кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш.
Исталган шартномани тузишдан олдин, унинг нозик жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Қайси усул қулай ва тўғри? Қандай қилиб фирибгарлар ҳийла-найрангларига тушиб қолмаслик керак? norma.uz саволларига Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Шоҳбоз Зарипов жавоб берди.
- Кредит ва автомобилни ижарага олиш шартномалари қандай шартларда тузилади?
- Тижорат банкларидан автомашина учун кредит кредитлар битта шартнома асосида автотранспорт воситасини одатда расмий диллер орқали бирламчи бозордан сотиб олиш учун шарти билан тақдим этилади. Бунда аксарият ҳолларда гаров сифатида сотиб олинаётган автомашина қабул қилинади ва асосий иш жойи бўйича жисмоний шахснинг барқарор даромади кафолатланиши мажбурий ҳисобланади. Бундан ташқари, суғурта полиси талаб этилади.
Кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олишда ҳар бир компаниянинг ўз талаблари бўлишини эътиборга олиш лозим. Бироқ исталган шартномада учрайдиган базавий шартлар ҳам мавжуд.
Кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш икки босқичда амалга оширилади: дастлаб бўнак тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида шартнома тузилади, сўнгра кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси имзоланади.
Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, агар ижарага олинаётган автомашина маркаси топилмаса, истеъмолчи хизмат кўрсатаётган корхона томонидан тақдим этиладиган учта вариантдан бирини танлашга мажбур. Агар истеъмолчига таклиф қилинган вариантлар ёқмаса, у пулни қайтариб олишга, фақатгина 40-60 иш куни ўтганидан сўнг ҳақли ҳисобланади. Умуман олганда, корхонанинг сиз хоҳлаган автомашинани қидиришга яна 120 кун, жами 180 кунгача муддат керак бўлади.
Яна бир муҳим шарт: дастлаб шартномада таклиф қилинган транспорт воситаси тақдим этилмаса, ижарага берувчи ҳеч қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди.
Шунингдек бўнак тўлови шартномаси ва сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси корхона томонидан 5 дақиқа ичида нотариал тасдиқланмасдан ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинмасдан тузилади.
Биринчи ҳолатда банк билан шартнома тузган истеъмолчи автомашина эгасига айланади, иккинчи ҳолатда истеъмолчи ижарачи ҳисобланади ва автомашинага эгалик ҳуқуқи унга тегишли бўлмайди, устига-устак, корхонадан ҳар ойда транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома расмийлаштирилиши лозим.
- Шартнома шартларини бажариш юзасидан мониторинг қандай ўтказилади?
- Банк ҳам, корхона ҳам ижарачи/ижарага берувчи томонидан автотранспорт воситасидан мақсадли фойдаланилаётганлигини текшириш ҳуқуқига эга.
Бироқ кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан автомашинани ижарага олишда, ижарачи ижарага берувчининг биринчи чақириғига биноан автомашинани мониторинг қилиш учун олиб келишга мажбур. Бунда автомашинани олиб келишнинг иложи бўлмаса, ижарага берувчи ижарачига жарима қўллаши ва ҳаттоки тўланган маблағларни қайтармаган ҳолда, шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин.
- Бундай ҳолатларда қандай қўшимча харажатлар юзага келиши мумкин?
- Иккала ҳолатда ҳам маълум қўшимча харажатлар мавжуд. Мисол учун, банк кредитини олишда суғурта полисини расмийлаштиришингиз керак бўлади. Бўнак тўлови шартномасига биноан эса ижарага олувчи лизинг олиш учун ҳужжатларни йиғиш, тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун транспорт воситаси умумий қийматининг 10% миқдорида бўнак тўлаши лозим.
Бундан ташқари, автомашинани рўйхатдан ўтказиш учун қўшимча харажатларга маълумотнома, техник паспорт, давлат рақам белгиси, техник кўрик, банк воситачилик тўлови киради, улар алоҳида тўланади.
- Шартномаларда қандай молиявий санкциялар назарда тутилади?
- Автокредит шартномасига кўра, кредитни тўлаш муддати кечиккан ва муддати ўтган қарз юзага келган тақдирда фоиз ставкаси оширилади (ҳар бир банк ўз фоиз ставкасига эга).
Автомашинани кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш шартномасига кўра бундай ҳолларда бир нечта санкциялар қўлланилиши кўзда тутилган: ижарага олувчи томонидан ижара ҳақини ўз вақтида ёки тўлиқ тўламаслик учун ҳар бир кечиккан кун ҳисобида санкция, шунингдек автотранспорт воситасини ижарага берувчининг талабига биноан мониторинг қилишга ўз вақтида олиб келмаганлик учун санкциялар.
Шартноманинг яна бир шарти – ижарага олувчи тўловни тўлаш учун ижарага берувчининг олдига келишнинг имкони бўлмаса, тўловни олиш учун юборилган ходимлар хизмат сафари харажатлари ҳам ижарага олувчи ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Истеъмолчи белгиланган муддатда тўловни тўламаган, шунингдек автомобилни мониторинга тақдим этмаган тақдирда, навбатдаги «жарима»ни тўлаш тўғрисидаги талабнома берилади.
- Турли хил сабабларга кўра молиявий аҳволи ва тўлов қобилияти ёмонлашган истеъмолчи шартнома шартларини бажара олмаган тақдирда уни нималар кутиши мумкин?
- Автокредит бўйича шартнома тузилган тақдирда, банк томонидан гаров сифатида қўйилган мол-мулк (шу жумладан олинган автотранспорт воситаси) сотувга қўйилиб, қарз миқдори қопланади, автомобиль сотилгандан кейин жорий қарз ва автомобиль нархи ўртасидаги фарқ, яъни қолган маблағ истеъмолчига қайтарилади.
Сотиб олиш шарти билан автомашина ижарага олинган тақдирда, транспорт воситаси олиб қўйилади ва истеъмолчига аввал тўлаган пул маблағлари қайтарилмайди.
Турли компаниялар билан (банклар эмас) иш олиб боришда дастлаб ҳеч қандай хавф йўқдек ва аксинча, бунда қулай шартлар тақдим этилгандек туюлиши мумкин. Сиз банкка кредит сўраб мурожаат қилишингиз, унинг берилишини кутишингиз ва юқори фоиз тўлашингиз шарт эмас. Тўловларни 36 ойга (3 йил) тақсимлашнинг ўзи кифоядек. Бироқ, мазкур корхоналар тақдим этаётган шартлар остида сизга кўринмаётган ва пировардида ортиқча маблағ сарфланишига олиб келиши мумкин бўлган бир қатор яширин талаблар мавжудлигини ёдда тутиш лозим.
Шу боис истеъмолчи шартнома шартлари, ундаги томонларнинг жавобгарлигини диққат билан ўрганиб чиқиши лозим. Ўз молиявий хатарларини минималлаштириб, исталган келишувдан самарали фойдаланиш мумкин. Агар ушбу соҳада фуқаронинг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган бўлса, у ҳолда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 1159 ишонч телефони орқали, шунингдек https://consumer.uz/ веб-сайти орқали мурожаат қилиш мумкин.
Лола Абдуазимова тайёрлади.