2018 йил 13 августдан «eStat 3.0» давлат статистика ҳисоботларини йиғишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими ишга тушади, дея хабар қилади Давлат статистика қўмитаси.
Янги версия қуйидаги параметрлар билан фарқланади:
- дастур интерфейси янгиланди;
- дастур ва олдин ўрнатилган шакллар автоматик тарзда янгиланади;
- дастурни ишга туширганда жўнатилган ҳисоботларнинг ҳолати автоматик тарзда текширилади;
- ҳисоботлар архиви янгиланди – аввалги даврлар учун ҳисоботларни кўриб чиқиш, аввалги даврларда ўрнатилган шаклнинг сўнгги версиясини сақлаб қўйиш имконияти қўшилди;
- дастур интерфейсига ҳисоботларни қайта тиклаш функцияси қўшилди;
- ҳисоботни тўлдириш жараёнида келиб чиқадиган хатоларни тўғрилаш шакли ўзгартирилди;
- дастурга кириш учун фойдаланувчи паролини ўрнатиш имконияти қўшилди;
- ҳисоботни демо-режимда (СТИР сертификати файлини текширмаган ҳолда) тузиш имконияти қўшилди;
- ўзбек тили қўшилди.
Янги дастурий таъминотни Давлат статистика қўмитаси сайтининг «Электрон ҳисобот» бўлимидан юклаб олиш мумкин.