1 сентябрдан бошлаб ер ости сувларига қудуқ бурғулаш учун рухсатномага буюртмани ЯИДХП орқали бериш мумкин.
Бу имконият Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2019 йилдаги 672-сон қарорига мувофиқ яратилди (шарҳга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, аризага қуйидагиларни илова қилиш зарур:
- ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун буюртма берувчи ва ариза берувчи ўртасида тузилган шартнома ёки келишув нусхаси;
- идрогеологик хулоса, у жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари асосида фақат Давлат геология қўмитасининг идорага мансуб гидрогеология корхоналари томонидан берилади;
- давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси;
- ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун лойиҳа ҳужжатлари;
- ариза берувчининг техник имкониятлари ҳақида маълумот, мавжуд ускуналарнинг техник паспортлари нусхалари ёки зарур техника ва ускуналарни ижарага олиш бўйича шартнома нусхаси;
- ариза берувчи тегишли мутахассисининг (гидрогеолог) диплом нусхаси.
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда рухсатнома ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб 6 кун муддатда берилади.
Хизмат қиймати – Давлат хизматлари марказлари орқали ариза берувчилар учун белгиланган сумманинг 90%и (БҲМнинг 30%и). Шарҳ эълон қилинган санада – 60 210 сўм (90% х (223 000 х 30%)).