Раҳбар карантин даврида корхона фаолиятини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Буни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш лозим? Қанча вақт оқибатларсиз ишламаслик мумкин? Солиқ инспекцияси ўз ташаббусига кўра ушбу даврда корхонанинг ҳисобрақамларини блокировкалаб қўя оладими? Мажбурий тугатиш ишлари ўтказилиши мумкинми? Юридик масалалар бўйича «Норма» экспертлари, адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИН вазиятга ойдинлик киритдилар:
– «Фаолиятини вақтинча тўхтатган» расмий мақомини юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларгина олишлари мумкин. Яъни – якка тартибдаги тадбиркорлар ёки оилавий бизнес субъектлари. Улар ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органини бу ҳақда хабардор қилишлари шарт.
Юридик шахслар учун бундай режим мавжуд эмас. Бироқ амалиётда тижорат корхоналари ҳам зарарларни камайтириш ва мураккаб даврдан ўтиб олиш учун муайян даражада ўз фаолиятларини тўхтатиб турадилар. Бунда юридик шахс мақоми йўқотилмайди, фаолият вақтинча тўхтатилгани давлат органларида қайд этилмайди. Ҳар қандай ҳолатда корхонанинг қуйидаги мажбуриятлари сақланиб қолади:
- юридик шахс рўйхатдан ўтказилган манзилда бўлиш;
- давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик доирасида ва амалдаги шартномалар бўйича келиб тушаётган хат-хабарларга жавоб бериш;
- статистика ва солиқ ҳисоботларини топшириш;
- барча давлат органларида, шу жумладан – судда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш.
Фаолиятнинг вақтинча тўхтатилгани қандай расмийлаштирилиши лозим
Биринчидан, муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиб, унда фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинг. Ушбу қарорни баённома билан расмийлаштиринг. Унда тўхтатиб туриш сабабини албатта кўрсатинг. Муассис битта бўлса, буни якка ўзи қабул қилган қарор билан расмийлаштиринг. Корхона фаолият юритишига айнан нима имкон бермаётганини батафсил қайд этинг. Муассислар бир нечта бўлса, уларнинг ҳар бири ўз фикрини билдиргани мақсадга мувофиқ. Буни баённомада қайд этинг.
Иккинчидан, муассислар қарори асосида корхона бўйича буйруқ чиқаринг. Унда қуйидагиларни такроран қайд этинг:
- фаолиятнинг вақтинча тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар;
- вақтинча тўхтатиш бошланган ва тугаган сана;
- ушбу давр учун кадрлар бўйича қарор;
- хизматга оид хат-хабарларни олиш ва жўнатиш мажбурияти кимга юклатилиши;
- ҳисоботларни топшириш мажбурияти кимга юклатилиши.
Барча ходимларни тилхат олган ҳолда буйруқ билан таништиринг.
Диққат! Вақтинча тўхтатиш муддатини узайтириш учун янги буйруқ чиқариш лозим. Корхонада мўлжалланган муддатдан аввал фаолиятни тиклаш имкони пайдо бўлса, бу ҳам буйруқ билан расмийлаштирилади.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.