Солиқ тўловчилар учун бу савол асло назарий эмас, бир неча йилдан бери қизғин мунозарага чорлаяпти. Қонунчиликдаги ноаниқликлар баҳсга замин яратмоқда.
Муаммо «Қарз олувчи фоиз тўламаса, унга солиқ тўлаш мажбурияти юкланадими?» материаллар тўпламида («СБХ»нинг 01.03.2012 йилдаги 10 (918-сони) батафсил баён этилган. Материалда солиқ қонунчилигини мониторинг қилиш ва уни такомиллаштириш учун мутасадди органлар ва ташкилотлар ходимларига мурожаат қилинганди.
Афсуски, аҳвол ўша-ўша. Мутахассислар баҳслашяптилар. Нафақат ташқи экспертлар, балки солиқ органлари ходимлари ўртасида ҳам бу борада ягона фикр йўқ. Нормаларга аниқлик киритилмади. Шу билан бирга солиқни ушлашни давом эттириб, мавжуд нормаларга амал қилинаяпти ҳамда норматив кўрсатмаларни ўз ҳолларича тушуниб, қонун-қоидалар ноаниқликлар билан тўлдирилмоқда.
"Ҳисоблаб ёзилмаган фоизлардан солиқ тўланадими?.." номли материалда (СБХ»нинг 01.09.2015 йилдаги 35 (1099-сони) бу саволларни яна бир бор кўтариб, таҳририят оғриқли муаммога мутасаддиларнинг эътиборини тортишга умид қилади ҳамда мунозарани давом эттиришга мутахассислар ва тадбиркорларни таклиф этади.
Натижа қандай бўлмасин: мазкур ҳолатда солиқ ундиришни асоссиз деб ҳисоблайдиларми ёки, аксинча, фоизсиз қарзни солиқ солинадиган даромад жумласига киритадиларми, ҳар ҳолда норматив кўрсатмалар аниқлашади. Демак, солиқчи ва солиқ тўловчиларнинг муносабатларидаги яна бир англашилмовчиликка барҳам берилади.