«Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида келишувни имзолади. «Ўзстандарт» агентлиги шу ҳақда хабар берди.
Келишувнинг амалга оширилишидан қуйидаги натижалар кутилмоқда:
1) маҳаллий маҳсулотни чет элга етказиб беришда ўлчаш ва синов натижаларининг эътироф этилиши;
2) савдода техник тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек ҳар йили давлатлараро, халқаро ва хорижий мамлакатларнинг миллий эталонлари билан солиштиришлар ўтказиш имкони;
Маълумот учун: ILAC (Лабораторияларни аккредитацияловчи халқаро ташкилот) талабларига асосан, кузатилувчанлик таъминланишини исботлаш учун КООМЕТ (Давлат метрологик муассасаларнинг Евросиё ҳамкорлиги) доирасидаги солиштиришларда мунтазам равишда иштирок этиш зарур.
3) маҳаллий корхоналарнинг хорижий метрология институтларига тобелигини камайтириш;
Маълумот учун: 2012–2017 йиллар давомида калибрлашга 7 бирлик эталон ва 387 бирлик намунавий ўлчаш воситалари олиб чиқилган бўлиб, деярли $260 минг сарфланган. Асосий солиштиришларда иштирок этиш ушбу харажатларнинг олдини олишга имкон яратади.
4) етакчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар, фан ва мамлакат мудофаасининг ўлчашлар бирхиллигини таъминлашдаги эҳтиёжларининг қопланиши;
5) солиштиришлар ўтказилишида вақтинчалик харажатларни қисқартириш, хом ашё, ресурслар, материаллар, маҳсулотлар миқдори ва сифатини ишончли баҳолашни амалга ошириш мақсадида бажариладиган ўлчашлар аниқлигининг оширилиши;
6) норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ илмий-техник ҳамкорлик, инновация, халқаро савдо, тижорат фаолияти соҳасидаги келишувларни режалаштириш ва амалга ошириш учун техник базани таъминлаш;
7) ўлчаш натижаларининг ўлчов воситалари бирликларига кузатилувчанлигини таъминлаш;
8) семинар ва курсларда иштирок этиш, шунингдек фан ҳамжамияти нашрлари билан таништириш воситасида метрологик фаолиятни амалга оширадиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш.