Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Иқтисодий суд ишлари соддалаштирилган тартибда кўрилади

06.02.2019

Рус тилида ўқиш

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган тўртта қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

 

Депутатлар «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Doing business» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Лойиҳа Президентнинг 13.07.2018 йилдаги ПҚ–3852-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

Иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамаларида ошкораликни таъминлаш мақсадида ИПКга суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини (ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилув қарорлари бундан мустасно) тарафларнинг розилиги билан Олий суд расмий веб-сайтида эълон қилиниши шартлигига доир нормалар киритилмоқда. Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг иккита ҳужжатида бу ҳақда ҳам сўз борган эди (батафсил қаранг).

 

Бугунги кунда суд муҳокамаларида ошкоралик уни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, аудио- ёки видеоёзувга олиш йўли билан таъминланмоқда. Уларда очиқлик ва ошкораликни таъминлашдаги кейинги қадам эса, суднинг ҳал қилув қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш ҳисобланади.

 

Шунингдек, қонун лойиҳаси ИПКга иқтисодий судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда кўриш тўғрисидаги нормалар киритишни ҳам назарда тутади. Агар даъво суммаси юридик шахслар учун ЭКИҲнинг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ЭКИҲнинг 5 бараваридан ошмаган миқдорда бўлса, даъво аризаси бўйича қўлланилади. Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтаётганда унинг тартиби ҳақида батафсил ёзган эдик

 

Депутатларнинг фикрича, бу каби янгиликлар бундай ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш, энг муҳими, ЖБ ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон кўрсаткичларини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

 *    *    *

Парламентда қабул қилинаётган қонунларнинг сифатли тайёрланиши ҳамда бу борада қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий қилинган эди. Мажлисда депутатлар томонидан муҳокама этилган муҳим масалалардан бири ана шу ваколатли вакил институти жорий қилиниши муносабати билан бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳисобланади.

 

Ушбу лавозим жорий этилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунга тегишли қўшимчалар киритилган, у ваколатли вакилнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлашга, ҳукуматнинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан парламент фаолиятини тартибга солувчи бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

 

*    *    *

 

Депутатлар «Халқаро меҳнат ташкилотининг Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.08.2018 йилдаги қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га биноан ишлаб чиқилган.

 

144-сон Конвенция тадбиркорлар ва меҳнат қилувчиларнинг эркин, мустақил ташкилотлар ташкил этишга бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамловчи Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 87-сон ва 98-сон конвенциялари қоидаларидан келиб чиқади.

 

Қонун лойиҳасининг мақсади – ХМТ фаолиятига оид масалалар, жумладан, мазкур ташкилотнинг конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни қўллаш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан кўрилган чора-тадбирлар хусусида мазкур орган тарафидан ХМТга йиллик маълумотларни тақдим этиш юзасидан давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлар ҳамда меҳнат қилувчилар вакиллари ўртасида миллий даражадаги уч томонлама маслаҳатлашувлар самарадорлигини таъминлаш.

 

*    *    *

 

Шундан сўнг депутатлар «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. У бепуштликнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишни назарда тутади. Лойиҳада соғлом оилани шакллантириш, замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш, даволашнинг замонавий услубларини қўллаш каби масалалар ўз ифодасини топган.

 

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлашга, бепуштликни самарали даволашга пойдевор яратади, фуқароларга юқори малакали тиббий хизмат олиш имкониятини оширади, хусусий тиббиётни янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

 

Қизғин баҳс-муноза, муҳокама ва тортишувлардан сўнг қонун лойиҳалари қабул қилинди.

 

Мажлисда, шунингдек, қуйи палата ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси материаллари асосида.




 

Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум