Олий суд Пленумининг 28.04.2020 йилдаги «Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 8-сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон ҳудудида COVID-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши жумладан суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи чекланишига сабаб бўлди. Шу боисдан судларга даъво муддатининг ўтиши ФК 156-моддаси 1-қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши тушунтирилди. Бунда карантин даъво муддатининг охирги 6 ойида жорий этилган ёки амал қилиши давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилиши эътиборга олиниши лозим. Карантин бекор қилинган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади.
Судлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги масалани ҳал этишда бунинг сабабларини аниқлаши лозим. Мажбуриятни бажариш карантин жорий этилиши туфайли мумкин бўлмаганлиги аниқланганда, талабни қаноатлантиришни рад этиши лозим.
Карантин жорий этилиши муносабати билан судлар процессуал муддатларни узрли сабабларга кўра ўтказилган муддат сифатида узайтириш ва тиклашлари мумкин.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий, иқтисодий ишлар карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқилади. Судлар ишларни ўз вақтида кўриб чиқишини ва процесс иштирокчилари иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.
Судларга қамоқдан ва уй қамоғидан озод қилиш тўғрисидаги ҳукмлари, ажримлари, қарорлари дарҳол ижрога қаратилиши лозимлиги тушунтирилди. Карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг қуйидаги суд қарорлари ижрога қаратилади:
- карантин жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирмаган;
- карантин даврида чиқарилган ва карантин жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган).
Юзага келган вазиятда иқтисодий судлар томонидан:
1. чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги аризалар:
- карантин жорий этилган пайтдан бошлаб ва 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда келиб тушганда – бундай аризаларни қабул қилиш рад этилиши;
- ишлар аввал иш юритишга қабул қилинган бўлса – иш юритиш тугатилиши;
- 2020 йил 19 мартгача иш юритуви бошланган ишлар бўйича иш юритиш 1 октябрга қадар тўхтатилиши лозим;
2. карантин жорий этилган пайтдан бошлаб ва 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида аризаларни қабул қилиш рад этилиши лозим;
3. хўжалик юритувчи субъектлар ва божхона органлари ўртасидаги божхона имтиёзларини қўллаш масалалари бўйича низоларни кўришда қуйидагилар аниқланиши лозим:
- Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган товар йил охирига қадар божхона божлари ва акциз солиғининг ноль ставкаси белгиланган товарлар жумласига кириши ёки кирмаслиги (рўйхатга қаранг);
- қурилиш материаллари коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун, товарлар эса, улар фаолият кўрсатиши учун олиб кирилганлиги;
4. солиқ органларининг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўриб чиқишда жавобгар-солиқ тўловчи Президентнинг 3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 4-банди «а» кичик бандида кўрсатилган субъектларга кириши ёки кирмаслиги аниқланиши лозим. Субъектлар тоифасига кирганда – солиқ тури ва солиқ ҳисобланган давр, солиқ органи томонидан қўлланилган солиқ ставкаси аниқланади.
Судлар солиқ органи 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда қуйидагиларга ҳақли эмаслигини назарда тутишлари лозим:
- фойдаланилмаётган объект 2020 йил 1 апрелгача ёки ундан сўнг аниқланган бўлишидан қатъи назар, бундай объектларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллашга;
- 2020 йил 1 апрелга қадар оширилган ставкалар бўйича ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммасига нисбатан пеня ҳисоблашга ва мажбурий ундириш чораларини кўришга.
Якка тартибдаги тадбиркорлардан солиқ қарздорлигини мажбурий ундиришда
солиқ органи томонидан ҳисобланган ЖШДС ва ижтимоий солиқ даври аниқланиши лозим. Бунда якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида солиқ органини хабардор қилган бўлса, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар кўрсатилган солиқлар ҳисобланмайди;
5. Давлат мулкларини ижарага бериш марказларининг ижара тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўришда қарздорлик юзага келган давр аниқланиши лозим. Карантин тадбирлари даврида ижарачи – тадбиркорлик субъекти томонидан ўз фаолияти тўхтатилган бўлса, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар ижара тўловлари ҳисобланмайди;
6. 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим. Бундай қарор қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига жарима санкцияларини ундириш ва ундирувни гаров таъминотига қаратиш тўғрисидаги даъволар бўйича ҳам қабул қилинади.
Эльмира Сиразиева.