Адлия вазирлиги маҳаллий норма ижодкорлиги амалиётига янги дастурларни жорий этишни таклиф қилмоқда. Тегишли лойиҳа ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.
Идоранинг матбуот-релизида Ўзбекистонда жорий этилиши режалаштирилаётган энг асосий механизмларга батафсил тўхталди.
Кескин тартибга солиш
Етакчи хорижий ҳуқуқ ижодкорлиги тажрибаси тадбиркорлик субъектларининг харажатларини камайтириш бўйича энг самарали чоралардан бири кескин тартибга солиш эканлигини кўрсатмоқда. Унинг асосий вазифаси – тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг маъмурий юкини камайтириш.
Ушбу механизм тўрт босқичда жорий этилиши мумкин:
- кескин тартибга солувчи ваколатли орган тайинланади;
- ваколатли орган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда бизнесга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган барча қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказади;
- ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг келгуси тақдирига таъсир кўрсатадиган муайян фильтрлардан ўтказилади. Таҳлил давомида норма ёки маъмурий тартиб-таомил қуйидаги: «сақлаб қолинсин», «соддалаштирилсин», «бекор қилинсин» тоифаларидан бирига киритилади;
- ваколатли орган юқори турувчи инстанцияларга «соддалаштирилсин» ва «бекор қилинсин» тоифалари бўйича ўз таклифларини киритади.
Масалан, Буюк Британия ҳукумати 2011–2015 йилларда «Red Tape Challenge», «Focus on Enforcement» ва «Cutting Red Tape» дастурларини ишга туширган, натижада бизнесда алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя этилишида қарийб 10 млрд фунтни тежаб қолишга эришилган.
Тартибга солувчи таъсирни баҳолаш
Миллий ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида «сифатсиз норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кўра ҳуқуқий асосларни мавжуд эмаслиги афзал» деган янги шиор остида иш юритилади. Давлат органлари буни норматив таклифлар ва лойиҳаларнинг тартибга солувчи таъсирини баҳолаш орқали амалга ошира оладилар.
Хорижий тажрибага кўра ҳар қандай тартибга солиш ташаббуси синов босқичидан ўтиши лозим. Яъни янги ҳужжатни ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин уни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш, жорий ҳолатини, таклиф этилаётган чора-тадбирларни миқдор ва сифат жиҳатидан солиштириб кўриш керак.
Бу лойиҳани илгари суриш босқичида мақсадга мувофиқ келмайдиган ташаббуслардан воз кечиш вақт, кадр ресурслари ва молиявий харажатларни тежашга имкон беради. Биринчи босқичда лойиҳа ҳали ишлаб чиқилмаган пайтда, уни ишлаб чиқиш қанчалик зарурлиги кўриб чиқилади. Шундан кейин тузилган ҳужжат лойиҳасининг тартибга солувчи таъсири баҳоланади.
Гендер-ҳуқуқий ва бошқа экспертизалар
Ўзбекистонда барча соҳаларда тенг ҳуқуқлиликка ҳуқуқий асос яратган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Қонунда хотин-қизлар ва эркакларнинг бевосита ёки билвосита камситилишига олиб келувчи ҳужжатларнинг қабул қилинишига йўл қўймаслик учун НҲҲ лойиҳалари гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши, илмий-лингвистик ва бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилади. Бу норма ижодкорлиги жараёнини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, шунингдек мақсадга мувофиқ бўлмайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокамага киритишга сарфланадиган салмоқли бюджет маблағларини тежаш имконини беради.