Уйни бир неча кунга тарк этар экансиз, йўл муқаддимасида сафарингизни дилхираликка айлантирадиган ёки уни умуман бекор қиладиган каттаю кичик нохушликка дуч келишингиз мумкин.
Хорижга чиқиш вақтинча чекланмаганлигини текширинг, у қуйидаги ҳолларда белгиланади:
-суднинг қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлганда;
-суд ижрочилари департаменти томонидан ижро варақаси бўйича ижро иши қўзғатилганда;
-умумий қарз мавжуд бўлганда. Бугунги кунда бу сумма 2 х 118 4001 = 236 800 сўмни ташкил қилади.
Саёҳат учун барча ҳужжатлар ва рухсатномалар мавжудлигини текширинг, айнан:
-биометрик паспорт. 2014 йил 1 июлдан бошлаб хорижга чиқиш фақат биометрик паспорт билан амалга оширилмоқда;
-ХЧКваФРБнинг хорижга чиқиш учун рухсатномаси – чиқиш ва келиш визалари (стикер).
Рухсат берувчи ёзув стикери хорижга чиқиш учун 2 йил мобайнида ҳақиқий бўлади. Шу муддат давомида давлат ташқарисига чекланмаган марта чиқиш мумкин.
-авиачипта. Унда чипта сотилган жой ва сана, ҳаво кемасининг жўнаш вақти, учиш ва қўниш (жумладан оралиқ) пунктлари, ташувчининг номи, шунингдек ташиш шартномасининг бошқа муҳим шартлари кўрсатилиши керак;
-суғурталар. Ҳамма мамлакатлар ҳам суғурта полиси мавжуд бўлишини талаб қилмайди. Бироқ, масалан, АҚШ ва Шенген зонаси мамлакатлари бунга жиддий талаблар қўяди, булар: полис визанинг бутун муддатини қоплаши, Шенгеннинг барча мамлакатларида амал қилиши, франшиза (тўловни чеклаш)сиз расмийлаштирилиши, ҳар қандай юзага келган вазиятларда ҳам барча тиббиёт харажатларини қоплаши ҳамда 30 000 евро ва ундан ортиқ жавобгарликни суғурталаш лимитига эга бўлиш.
Болалар билан саёҳатга чиққанда ёдда тутинг:
Ўзбекистоннинг вояга етмаган фуқаролари мамлакат ташқарисига чет эл паспорти асосида чиқадилар. Агар бола 12 ойга тўлмаган бўлса, у икки йил муддатга расмийлаштирилади; бир ёшдан ўн олти ёшгача бўлганларга беш йилга расмийлаштирилади.
16 ёшгача бўлган фуқаро ота-онасидан бири билан вақтинчалик хорижга чиққанда улардан иккинчисининг розилиги талаб қилинмайди. Бунда шунга эътибор бериш лозимки, ҳозирги вақтда ички ишлар органларида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида” Қонунга мувофиқ (14.05.2014 йилдаги ЎРҚ-371-сон) ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқаётган шахслар ўртасида индивидуал профилактик суҳбат ўтказиш қисмида ҳуқуқни қўллаш амалиёти амалга оширилмоқда, бунда онанинг болани олиб чиқиши учун отанинг розилигини тақдим қилиш бўйича ХЧКваФРБ ходимларининг талаби профилактика иши чораларидан бири ҳисобланади.
Хорижга чиқиш учун болалар паспортига стикер ёпиштирилади, унда бола ким билан жўнаётганлиги кўрсатилади.
Юкингизни йиғаётганда эсда тутинг:
Юк бўлимига топширмай, ўзингиз билан бирга ташиш ҳужжатлари, тиббиёт гувоҳномалари, рентген тасвири, негативлар, алоҳида қимматли ва синувчан ашёларни, шунингдек, пуллар, кредит карталари, қимматли қоғозлар ва ҳужжатлар, қимматбаҳо металлар, тошлар, марварид ва улардан буюмларни олинг. Ташувчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу ашёларни сақланиши учун жавобгар бўлмайди.
Қаламтарош, тирноқ учун эгов, маникюр учун қайчи каби кесувчи ва ўткир ашёларни юк бўлими учун ўраш лозим. Геллар ва аэрозолларни, шунингдек бошқа суюқликларни2 (болалар озуқаси ва дори-дармони бундан мустасно) қўл юки билан бортга олиб кириш мумкин эмас, улар ҳам юк бўлимига топширилиши керак.
Қўл юки билан ташилаётган суюқлик 100 мл ҳажмдан ошмаслиги зарур. Агар ҳажм кўпроқ бўлса, у ҳолда идиш қисман тўлдирилган бўлса ҳам ташишга қабул қилинмайди. Идиш шаффоф, ёпиладиган, 1 литр ҳажмдан ошмайдиган пластик пакетга жойлаштирилган бўлиши керак. Ҳар бир йўловчида фақат 1 та шундай пакет бўлишига рухсат берилади.
Истисно: аэропортда божсиз савдо дўконларида ёки бортда харид қилинган суюқликлар, башарти улар учиш куни (кунлари)да аэропортда божсиз савдо дўконларида ёки бортда ўралганини ҳаққоний тарзда тасдиқлайдиган ишончли муҳрланган пластик пакетларга ўралган бўлса;
-парвоз мобайнида йўловчи учун зарур бўлган дори-дармонлар, болалар сути/озуқаси ва парҳез ёки тиббиёт маҳсулотлари. Бунда уларнинг соғлиқ учун ҳаётий заруратини, жумладан парвозда фойдаланиладиган миқдорни тасдиқлаш лозим, масалан рецепт ёрдамида.
Ҳам рўйхатдан ўтган, ҳам рўйхатдан ўтмаган юк сифатида ташиш учун қабул қилинмайдиган ашёларни ҳам эсдан чиқарманг.
Аэропортга келишдан олдин:
Рейсингиз учиши шартларига киритилган бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида қизиқинг. Рейснинг учиш/қўниш вақти ва терминали ҳақида ахборотни авиакомпания сайтининг “Рейснинг мақоми” бўлимидан ёки унинг маълумот хизмати телефони орқали олишингиз мумкин.
Учиш аэропортида
Агар сиз рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган юк билан саёҳат қилаётган бўлсангиз, у ҳолда рўйхатдан ўтиш учун учишдан 40 дақиқа олдин келишингиз керак. Айрим рейсларда рўйхатдан ўтишнинг тугаш вақти чиптада кўрсатилганидан фарқ қилишини эътиборга олиб, рўйхатдан ўтказишнинг тугаш вақтини маълумот хизмати орқали аниқлаштириб олишни тавсия қиламиз.
Рейсга рўйхатдан ўтказиш ва юкни расмийлаштириш йўловчининг номи кўрсатилган авиачиптаси ҳамда паспорти асосида амалга оширилади.
Ҳар бир йўловчи учун чипта бўйича бизнес-классда 30 кг, эконом-классда эса 20 кг юк ташиш ҳуқуқи тақдим қилинади.
Чиқишда божхона назорати
Валюта ва айрим ашёларни декларациялашни унутманг.
Резидентлар томонидан Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб чиқилаётган хорижий валюта, у Т-6 шаклдаги божхона декларациясида ёзма декларацияланган тақдирда ўтказилади. У 2 нусхада ўзбек, рус ёки инглиз тилида тўлдирилади.
Нақд чет эл валютасини республика ташқарисига 2 000 АҚШ долларига эквивалент миқдор доирасида эркин олиб чиқишга рухсат берилади. Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд чет эл валютасини олиб чиқилишига Марказий банкнинг рухсати билан йўл қўйилади.
Жисмоний шахслар-резидентлар томонидан Ўзбекистон нақд миллий валютасини олиб чиқишга 50 ЭКИҲдан ошмайдиган сумма доирасида рухсат берилади.
Бунда сўмни қуйидаги ҳолатларда олиб чиқишнинг имкони мавжуд:
5 ЭКИҲгача - йўловчи божхона декларациясига киритмаган ҳолда;
5 ЭКИҲдан ортиқ – декларацияга мажбурий тарзда киритган ҳолда.
Банк карталари ёрдамида олиб чиқилаётган пул маблағларига чеклашлар йўқ.
Банк картасини декларациялаш талаб этилмайди.
Диққат! “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида” Қонунга мувофиқ (1998 йил 1 ноябрдан амалда) қуйидагиларни олиб чиқилиши лозим эмас:
-50 ва ундан ортиқ йил олдин яратилган;
-давлат томонидан муҳофаза қилиш рўйхатлари ва реестрларига киритилган;
-мунтазам равишда Ўзбекистоннинг давлат ва жамоат музейлари, архивлари, кутубхоналари ва бошқа сақланадиган жойларида сақланаётган ашёлар.
Олиб чиқишга тақиқ нафақат бадиий қимматликларга, балки, мисол учун қадимги фотосуратлар, маиший, интерьер ашёлари ва бошқаларга ҳам тааллуқлидир. Агар ҳаттоки сиз сотиб олган ашёлар замонавий келиб чиқишга эга бўлса ҳам уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш ҳамда уларни олиб чиқиш ҳуқуқи учун гувоҳномани тақдим этиш лозим. У барча қўлда бажарилган буюмлар – картиналар, кашталар, газламалар ва ҳ.к. учун мажбурий. Шунингдек олиб чиқилишида сертификат талаб қилинмайдиган маданий бойликларнинг Рўйхати билан танишиш лозим.
Ветеринария назорати
Агар сиз ҳайвонларни олиб чиқаётган бўлсангиз, у ҳолда улар соғлиғини тасдиқловчи ҳужжатлар тўпламига эга бўлиш зарур. Одатда бу ветеринария паспорти, ветеринария гувоҳномаси ёки ветеринария сертификати.
Ва энг асосийси, таътилга кетаётиб, ўзингиз билан аъло кайфиятни олишни ҳам унутманг!
Елена ЕРМОХИНА.
1 Президентнинг 21.11.2014 йилдаги ПФ-4672-сон Фармони
2 Суюқликлар деганда сув ва бошқа ичимликлар, шўрвалар, сироплар, жемлар, димлаб пиширилган гўшт, соуслар ва пасталар, соусли озиқ-овқатлар ёки таркибида кўп миқдорда суюқлик бор озиқ-овқатлар, кремлар, лосьонлар, косметика воситалари ва мойлари, атирлар, спрейлар, геллар, жумладан соч ва душ учун, босим остидаги идишларнинг ичидагилар, жумладан соқол олиш учун кўпиклар ва дезодорантлар, пасталар, шу жумладан тиш пастаси, суюқликларнинг қаттиқ моддалар билан аралашмалари, киприклар учун тушь, лаблар учун ялтироқ металл кукуни ва гигиеник помада ҳамда хона ҳароратида шунга ўхшаш консистентликка эга ҳар қандай маҳсулотлар тушунилади.
Тиббиёт мақсадида ишлатиладиган суюқликлар деганда шифокор томонидан тайинланган ёки рецептсиз берилган суюқликлар тушунилади.
Парҳез эҳтиёжлари учун ишлатиладиган суюқликлар деганда уларсиз йўловчи ҳаёти хавф остида қоладиган озуқа маҳсулотлари (болалар озуқалари, махсус парҳез маҳсулотлари) тушунилади.