Ташкилотда бундай орган бўлиши зарурми? Агар шундай бўлса, бу касаба уюшмаси бўлиши лозимми? Бундай орган мавжуд бўлмаганлиги учун иш берувчи жавобгарликка тортилиши мумкинми? Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Ходимларнинг вакиллик органи (ВО) – касаба уюшмаси бўлиши шарт эмас. Бу, масалан, Меҳнат жамоаси кенгаши ҳам бўлиши мумкин МК 21-м.
Бундай органни тузиш ходимларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Яъни ташкилотда вакиллик органи тузилиши ёки тузилмаслиги мумкин. Бундай орган мавжуд бўлмаганда, иш берувчи жавобгарликка тортилмайди.
Бироқ, бошқа томондан қараганда, ташкилотда бундай орган бўлгани мақбул ҳисобланади. У ходимларга ҳуқуқ ва манфаатларини тақдим этиш ва ҳимоя қилиш, иш берувчига эса корхонанинг айрим локал ҳужжатларини (таътиллар жадвали, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқалар) қонунийлаштириш учун зарурдир.
Таътиллар жадвали МК 144-м ва ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ташкилотнинг зарурий локал ҳужжатлари ҳисобланади. ИМТҚ, бошқа ҳужжатлар қатори, меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари рўйхатини белгилайди, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича ишдан бўшатиш мумкин бўлади. Ушбу иккала ҳужжатни иш берувчи ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди МК 144-м МК 174-м .
Эътибор беринг! Ташкилотда ИМТҚ мавжуд бўлмаса ёки уларни тасдиқлаш тартиби бузилган (масалан, улар ВО билан келишилмаган) бўлса, ёхуд ИМТҚда «меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари» рўйхати келтирилмаган тақдирда, ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ишдан бўшатиш мумкин бўлмайди.