Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ШЖБПҲ учун ўтказиладиган маблағларнинг иш берувчилар томонидан тўланиши янги Низомда қандай тартибга солинган Фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғини ким тўлайди 2024 йил ноябрь ойи учун ЖШДС ва ШЖБПҲга бадалларни қандай ҳисоблаш керак

НКМ нархлари ошгани учун ким жавоб беради?

19.10.2018

Рус тилида ўқиш

 

2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ–3300-сон қарорга мувофиқ, мамлакатимизда онлайн НКМ учун давлат стандарти ишлаб чиқилди. Натижада назорат-касса машиналарини импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар муаммога тўқнаш келдилар, ускуна нархи ошди. Бунга нималар сабабчи бўлди, вазиятни қандай тузатиш мумкин? «Norma» портали мухбири шу саволга жавоб топишга уриниб кўрди.  

 

Ностандарт ечим

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарорига кўра, сертификатланган НКМдан фойдаланилиши шарт. 2017 йил декабргача аппаратлар офлайн машиналар учун O’zDST 1903:2010 стандартига мувофиқ сертикатланган. Савдо ускуналарини ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларда ушбу нормани бажариш билан боғлиқ муаммолар бўлмаган.

 

2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ–3300-сон қарор чиқиши билан вазият ўзгарди. Келгусида онлайн назорат-касса машиналари жорий этилиши муносабати билан «Ўзэлтехсаноат» АКга Ахборот коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ДСҚ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда касса чеклари берадиган онлайн НКМга қўйиладиган ягона техник талабларни белгилайдиган давлат стандартини ишлаб чиқиш («ишлаб чиқиш» сўзига эътибор беринг!) вазифаси топширилган эди. Ҳужжат экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун «Ўзстандарт» агентлигига тақдим этилиши керак эди.  

 

Амалиётда ушбу вазифалар хўжакўрсинга бажарилди. Янги стандарт ишлаб чиқиш ўрнига ижрочилар мавжуд офлайн НКМ учун O’zDST 1903:2010 га ўзгартиришлар киритдилар. Янги таҳрирда ушбу стандарт «Оn-line режимда маълумотлар узатиш функциясига эга назорат-касса машиналари ва махсус компьютер тизимлари. Умумий техник шартлар» деган ном олди. Натижада мамлакатимизда офлайн НКМ учун стандарт йўқ бўлди.

 

Янги технологияларни жорий этиш иши чўзилиб кетди, ҳозирча қандай технологиялар жорий этилиши ҳақида аниқ тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Офлайн НКМ илгаригидек ишлаяпти, уларнинг ўрнини босадиган ҳеч нима йўқ. Бироқ давлат стандарти мавжуд эмаслиги боис уларни қонун ҳужжатларида талаб қилинганидек сертификатлашнинг имкони йўқ.

 

Ҳатто онлайн НКМни жорий этиш лойиҳаси режадагидек амалга оширилганда ҳам, офлайн машиналарни сертификатлаш муаммосига тўқнаш келган бўлар эдик. 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ–3300-сон қарорга мувофиқ, Интернет билан қамраб олинмаган аҳоли пунктларида офлайн НКМдан фойдаланишга рухсат берилган.

 

Офлайн НКМ учун стандарт амалдаги стандарт сифатида тикланадими? Ушбу стандартга ўзгартиришлар киритиш режалаштирилганми, агар режалаштирилган бўлса, қачон киритилади? «Ўзстандарт» агентлигига шу саволлар берилган хатни йўлладик. Бизга «Ўзстандарт» агентлиги бош директорининг ўринбосари Ж.Н. Шукуров имзоси қўйилган жавоб келди. O’zDST 1.5-93 «ЎзДСТ. Стандартлар ва техник шартларни текшириш, қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби» давлат стандартига ҳавола қилинган жавобда айтилишича, стандартларни ишлаб чиққан ташкилотлар ушбу стандартларга ўзгартиришлар лойиҳаларини ишлаб чиқмоқдалар. Шунга асосан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ва «Комкассинтех» уюшмасига мурожаат қилишни тавсия этганлар.  

 

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш ИТИ ҳам, «Комкассинтех» уюшмаси ҳам офлайн машиналар учун O’zDST 1903:2010 ишлаб чиқувчиси бўлган. Бироқ ўзгартиришларни ишлаб чиқувчилар орасида ушбу ташкилотларнинг биронтаси бирор ҳужжатда қайд этилмаган. Назорат-касса машиналари учун стандартга киритилган ўзгартириш юзасидан тушунтириш беришни сўраб Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш ИТИ ҳамда «Комкассинтех» уюшмасига мурожаат қилишдан наф йўқ, сабаби улар бу жараёнда иштирок этмаганлар.

 

Нархлар ошди

 

Мамлакатимизда офлайн назорат-касса машиналари учун стандарт йўқ бўлганига ўн ой бўлди. Онлайн назорат-касса машиналари қачон жорий этила бошлаши ҳали ҳам номаълум. Тадбиркорларда ишдан чиққан аппаратларни алмаштиришга табиий эҳтиёж юзага келмоқда. Янги савдо шохобчалари, сервис ташкилотлари очилмоқда, уларни назорат-касса машиналари билан жиҳозлаш керак. Офлайн машиналарни ишлаб чиқувчи ва импорт қилувчиларнинг омборларида 2017 йил декабригача ишлаб чиқарилган ва сертификатланган жиҳозлар захиралари тугади...

 

2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ–3300-сон қарор чиққанидан кейин, айримлар башорат қилганидек, узилиш бўлмади. Импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчилар вазиятдан чиқиш йўлини топдилар.

 

Баъзилар, мамлакатда умумий техник шартлар – амалдаги O’zDST 1903:2010 борлигига қарамай, ўз техник шартларини ишлаб чиқдилар. Бошқалар жиҳозларнинг электр жиҳатидан хавфсизлигини сертификатлаб, товарни бозорга олиб чиқмоқдалар. Иккала вариант назорат-касса машиналарини сертификатлаш принципига зид бўлиб, уни йўққа чиқаради. Бироқ бу мажбурий чора.

 

Юзага келган муаммолар тадбиркорлар, бинобарин, биз – истеъмолчиларнинг ҳамёнига зарба берди. Назорат-касса машиналарининг нархи ошди. Бироқ бу қўл қовуштириб ўтирганча муаммо ечилишини кутгандан кўра афзал. Акс ҳолда зарар миқёсининг ҳисобига етиб бўлмас эди. Баъзи тадбиркорлар ўз фаолиятларини тўхтатиб турган, бошқалари уни умуман бошлай олмаган бўлар эди. Ахир бунда иш ўринлари ва одамларнинг фаровонлиги ҳақида сўз бормоқда.

 

Тадбиркорлар, назорат-касса машиналарини импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар офлайн НКМ учун стандартни амал қилувчи стандарт сифатида тиклаш, шунингдек амалдаги онлайн НКМ учун стандартни ўз вақтида қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этмоқдалар.

 

Бизнесни қонунчиликни бузганликда айбламаслик учун онлайн НКМ ҳамма ерда жорий этилгунга қадар офлайн НКМ учун стандарт бўлиши зарур. 

 

Бугунги кунда мавжуд онлайн НКМ учун O’zDST 1903:2010 давлат стандарти ҳам мамлакатимизда жорий этиладиган ноаниқ технология асосида «ишлаб чиқилгани» боис қайта кўриб чиқилиши зарур. Мантиқан қараганда, стандарт – барча бир хил қўллаши учун қабул қилинган нормаларни ўз ичига олган ҳужжат. Аввал технологияни белгилаб олиш, кейин эса стандартни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак эди.  

 

Юзага келган вазиятни ҳал этиш учун нималар қилиш кўзланмоқда деган савол билан Давлат солиқ қўмитасига ҳам, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Ўзинфоком» ягона интеграторига ҳам мурожаат қилдик. Иккала идора сўровни «Fiskal ma’lumotlarni avtomatizatsiyalash tizimi» МЧЖга йўллади, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига мувофиқ, у фискал маълумотлар оператори ролини бажариши лозим.

 

Онлайн НКМни жорий этиш жараёнида юзага келган муаммолар хусусидаги саволларимизга «Fiskal ma’lumotlarni avtomatizatsiyalash tizimi» МЧЖ бош директори С. Иброҳимов имзоси қўйилган ёзма жавоб олдик.

 

Жавобдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, пилот лойиҳани амалга ошириш ва келгусида жорий этиш учун таклиф этилаётган технологиялар стандартларни талаб қилмайди деб ҳисоблайдиган мутахассислар гуруҳи мавжуд. Улар шундай дейдилар: «Амалга ошириладиган концепция пировард жиҳоз белгиланишини назарда тутмайди, сабаби фойдаланилиши кўзланаётган дастурий таъминот Windows, LINUX, Android оператив тизимларида ишловчи ҳар қандай жиҳозга ўрнатилиши мумкин». Мутахассисларнинг ёзишларича, пировард жиҳоз функционалига қўйиладиган талаблар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг биргаликдаги қарори 15-бандида белгиланган (у Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида ҳам мавжуд – таҳририят изоҳи).

 

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарорининг фақат сертификатланган НКМдан фойдаланилиши кераклиги ҳақидаги талабини ҳеч ким бекор қилмаган-ку.

 

Вазият ўзгаргани йўқ

 

Ёзма мурожаатларимизга жавоблардан кўринишича, давлат тузилмалари юзага келган вазиятда муаммони зудлик билан ҳал қилиш зарур деб ҳисобламаяптилар. Нима учун шундай фикрда эканликлари ҳам тушунарсиз. Эҳтимол, бизнинг хулосаларимиз нотўғридир?

 

«Ўзинфоком» мутахассислари билан телефон орқали мулоқотда худди шу саволни бердик. Улар билан суҳбатда ёзма жавоблардан фарқли равишда вазиятни муайян даражада тушунишларини пайқадик. Улар барча муаммоларни ўтиш давридаги қийинчиликларга йўймоқдалар. 

 

Ҳозирча масала очиқлигича қолмоқда...

 

Олег Гаевой.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-11-28
  • USD:12848.38 (+0.00) сум
  • EUR:13512.64 (+0.00) сум
  • RUB:120.07 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48