Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ушбу соҳаларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Депутатлар «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун асосида ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлик амалиётини жорий этиш ва тартибга солиш, қарздорнинг ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарздорликни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш ҳамда соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни кўзда тутиш каби тартиблар ҳам ўз аксини топмоқда. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда депутатлар «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳасининг асосий ғояси суғурта фаолиятини тартибга солиш, соҳага халқаро стандартларни изчил жорий этиш орқали суғурта фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шунингдек, лойиҳа суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Қонун лойиҳасида суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (суғурта ташкилотлари, суғурта брокерлари, аджастерлар, ассистанслар, актуарийлар, сюрвейерлари) ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан эндиликда ихтиёрий суғурта шартномаларини тузишда суғурта суммасидан шартсиз франшизани қўллаш 1%гача, шартли франшизани қўллаш эса 2%игача йўл қўйилади. Тўлиқ бўлмаган мол-мулк суғуртасида франшиза қўллашга йўл қўйилмайди. қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Иккинчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.
Президентнинг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳаларга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қонун лойиҳалари орқали назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш назарда тутиляпти. Жумладан, Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.
Амалда мавжуд бўлган Олий суд судьясининг назорат шикоятини Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқариш ваколати бекор қилинмоқда. Яъни МЖТКда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган шикоят (протест) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилиниб, судлов ҳайъатида кўриб чиқилиши таклиф этиляпти.
Қонун лойиҳаларида инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан қатнашиши истисно этилмоқда, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли экани ҳам таклиф этиляпти.
ЖПКга янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидаларини белгиловчи қўшимчалар, қатор янгиликлар киритилмоқда. Уларга кўра, ушбу ҳуқуқни илгари назарда тутилганидек нафақат прокурор, балки жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳам амалга ошириши мумкин. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги илтимос ёки хабарни кўриб чиқиш ҳуқуқи Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг қонуний кучга кириши ва ижро этилиши тартиби аниқлаштирилмоқда. Қонун лойиҳаси кўриб чиқилгач, депутатлар томонидан қабул қилинди.