Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Инстаграмда реклама жойлаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини кимлар ва қандай объектлар бўйича тўлайди

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида 7 та қонун кўриб чиқилди

15.09.2020

Рус тилида ўқиш

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси 11 сентябрь куни бўлиб ўтди.

 

Сенат мажлиси кун тартибидаги биринчи масала«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун.

 

Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилади. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонунда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талаблари назарда тутилган, юқоридаги тоифага мансуб вакилларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳамюртларимизга янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратади. Тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади.

 

Ногиронли бўлган шахслар учун биноларга кириш-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар назарда тутилган. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Улар учун олий таълимда жами контингентнинг 2%и миқдорида давлат грантлари ажратилади.

 

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, хусусан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади. Ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад низоларни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар ҳисобланади.

 

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим сифати арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга имкон яратади. У ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар томонидан «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик каби инсон хулқ-атворига зид иллатларни бартараф этишга йўналтирилган. Ушбу Қонунда психоактив моддаларнинг тарқалишига ва нотиббий истеъмол қилинишига, шу жумладан алкоголни суиистеъмол қилиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ижтимоий, маърифий ҳамда тиббий-психологик тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари наркологик касалликларга чалинган шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширишда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига кўмаклашиши белгиланган. Наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан йигирма кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши кўрсатиб қўйилди.

 

Қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

 

Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилади. Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Сенатнинг ялпи мажлисида «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама марказида бўлди.

 

Сўнгги йилларда Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлсада, амалда кутилган натижаларни бермаяпти.

 

Президентнинг 17.08.2018 йилдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги ПФ-5515-сон Фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

 

Ушбу Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилмоқда.

 

Котибиятлар юридик шахс ҳисобланади ва уларнинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. Котибият тузилмаси, штатлар меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

 

«Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Ер кодексига, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Яйловлар тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Қонун соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган.

 

Қонунда инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек лалми ерлар ва ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини ижарага беришнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.

 

Қонунда ерни ижарага бериш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинса, ижарачи шартномада назарда тутилган муддат якунига қадар ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши мустаҳкамланмоқда.

 

Мажлисда Сенат аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан 17 та қонунга, шу жумладан 8 та кодексга ва 9 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Божхона кодекси ва Солиқ кодекси шулар жумласидандир.

 

Қонун билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Қурол тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун билан ҳимоя ордери таъсис этилган эди. Бироқ ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик масаласи очиқ қолган. Шу боис тазйиқ ўтказишга ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди ва бу чекловларнинг бажарилишини яна бир кафолатланди.

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун янги банд билан тўлдирилди, унга мувофиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган Хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

 

Ўзгартиришларга кўра Жиноят кодексининг меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш учун жавобгарликни белгиловчи моддасининг тегишли қисми янги таҳрирда баён этилди. Энди жабрланувчи нафақат боланинг онаси, балки унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.

 

Халқаро шартномаларда бошқача шартлар келишилмаган бўлса, хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида юк ва йўловчиларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж) тақиқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган янги модда билан тўлдирилмоқда.

 

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганлигини ҳисобга олиб, жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги модда билан тўлдирилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масала – «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокамаси бўлди.

 

Президентнинг 9.12.2019 йилдаги ПҚ-4546-сон қарорига айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Хусусан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 42, 98 ва 103-моддаларига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишишни назарда тутадиган функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6 ва 291-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Кодекснинг 6-моддасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари чиқариб ташланмоқда. 

 

Шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда.

 

Эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

 

Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кодекснинг 80-моддасидан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома чиқариб ташланмоқда.

 

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимият органларининг атмосфера ҳавосини ифлослаштиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда.

 

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 34 ва 45-моддаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш бўйича функция ва вазифалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига ўтказилмоқда.

 

Уй-жой кодексининг 111-моддасида мулкдор, ижарага олувчи, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосининг турар жойни алмаштириш тўғрисидаги аризасига илова қилиши лозим бўлган ужжатлардан турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома талаб қилиш бекор қилинмоқда.

 

Шунингдек ушбу Кодекснинг 117-моддасидан фуқаролар томонидан сақлаш гувоҳномаси (брон) бериш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар орасидан ҳам яшаш жойидан маълумотнома талаб этилмайди.

 

«Ўрмон тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда.

 

«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасидан васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс томонидан аризасига илова қилинадиган ҳужжатлардан яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинадиган маълумотнома чиқариб ташланмоқда.

 

«Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмидан «фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома» сўзлари чиқариб ташланмоқда. У назорат остидаги шахснинг қаердалиги аниқланмаган тақдирда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги ҳужжатларга илова қилинган. Мазкур ҳужжатлар шахснинг турар жойи аниқланмаган тақдирда, қидирув эълон қилиш тўғрисидаги тақдимномани судга юборишда ички ишлар органлари томонидан илова қилинар эди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-14
  • USD:12880.00 (+0.00) сум
  • EUR:13507.26 (+0.00) сум
  • RUB:124.01 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50