ЯИДХПда янги интерактив хизмат ишга туширилди. Унинг ёрдамида ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Хизмат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси филиаллари томонидан тақдим этилади.
Сервитут – қўшни бўлган ер участкаларидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи.
Эслатиб ўтамиз, Ер кодексининг 30-моддасига мувофиқ, сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:
- ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
- ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
- ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
- ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш;
- молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
- ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш;
- ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш;
- бошқа мақсадларда.
Сервитут тўғрисидаги келишув давлат рўйхатига олиниши лозим ва у ер участкаси бошқа шахсга ўтган вақтда сақланиб қолади.
Сервитут тўғрисидаги келишув уни белгилашга сабаб бўлган асослар барҳам топса, бекор қилиниши мумкин.