Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Сирдарёда фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрганларга солиқ имтиёзлари тақдим этилади

Сирдарёда фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрганларга солиқ имтиёзлари тақдим этилади

27.09.2021

Рус тилида ўқиш

2021 йил 24 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

 

Қонун лойиҳасига интеллектуал мулк соҳасидаги айрим ҳуқуқ бузилиши ҳолатлари (ихтиро, фойдали модел ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузиш ҳамда ўзганинг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик) учун тегишли юридик шахсга нисбатан корпоратив жавобгарлик чоралари белгиланиши назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

 

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди.

 

Мазкур қонун лойиҳаси билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунда ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюроси органларининг ҳудуд ва тоифаларга тааллуқлилигини белгилаш, жисмоний шахслардан маъмурий жарима, солиқ қарзи ва давлат божларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлашда соддалаштирилган мажбурий ижро ишини юритиш тартибини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда.

 

Соддалаштирилган мажбурий ижро ишини юритиш тартиби жорий этилаётганлиги сабабли «Банк сири тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

«Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

 

Мазкур ҳужжат Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ҳуқуқий асосларини қонун ҳужжатларида мустаҳкамлашни назарда тутади. Лойиҳада бир қатор қонунларга қўшимчалар киритиш орқали Агентликнинг тегишли соҳалар бўйича вазифа ва ваколатларини белгилаш назарда тутилган. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Мажлисда «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

 

Қонун лойиҳасига ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш тартибини соддалаштиришга қаратилган янги нормалар киритиляпти, яъни унда инсон омили таъсир қилмайдиган тарзда аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилиши белгиланмоқда.

 

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимлар ва шартномаларни амалга ошириш ва бошқалар тартибга солувчи янги нормалар ўз аксини топди.

 

Қонун лойиҳаси билан Давлат активларини бошқариш агентлигининг хусусийлаштириладиган ер участкалари ҳамда уларда жойлашган кўчмас мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тартибини ўрнатиш бўйича ваколатлари белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

 

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Қонун лойиҳасига киритилаётган янги нормалар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишда аниқ тартиб-таомилларни белгилашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ходимларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатларидан ҳимоя қилишга, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ва шаффоф механизми яратилишига, ушбу жараёнларда коррупциявий ҳолатларнинг юзага келишининг олдини олишга қаратилган. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар беришни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

 

Қонун лойиҳаси билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, бир нечта жарималар микдори камайтирилмоқда. Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс томонидан автотранспорт воситасини бошқарганлик учун белгиланадиган жарима миқдори икки бараварга, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмоқда.

 

Лойиҳа билан йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки баравардан кўпроққа камайтирилмоқда. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

 

Қонун лойиҳаси билан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.

 

Лойиҳада Сурхондарё вилояти бўйича Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида янгидан ташкил этган ҳолда шу ҳудудларда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.