S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги прогнозини «салбий»дан «барқарор»га оширди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, S&P рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистонга суверен кредит рейтинг илк бор 2018 йил 21 декабрда берилган. 2020 йил июнь ойидан бери S&P рейтинг агентлиги томонидан 21 та мамлакатнинг кредит рейтинги пасайтирилган ва 13 та мамлакатнинг, жумладан Ўзбекистоннинг рейтинг прогнозини «салбий»га туширилган эди.
Мазкур қарор сўнгги икки йилда Ўзбекистон ташқи қарзининг нисбатан юқори суръатларда ўсганлиги билан изоҳланган. Шу билан бирга келгуси 12 ой давомида мамлакат ташқи қарзининг ўсиш суръати барқарорлашмаган тақдирда Ўзбекистон кредит рейтингини пасайтириши мумкинлиги маълум қилинган эди.
S&P ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишга (1,6%) эришган дунёдаги камдан-кам мамлакатлардан бири бўлган. Агентлик маълумотларига кўра, иқтисодий ўсишга асосий сабаб COVID-19 билан боғлиқ чекловларга қарамай, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларининг фаолият юритганлиги, йирик инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда Ҳукуматнинг иқтисодиётни рағбатлантириш учун кўрган тезкор чоралари бўлди.
Агентлик томонидан 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,8%га ўсиши прогноз қилинган бўлиб, хизматлар сектори асосий ўсиш драйвери бўлиши тахмин қилинмоқда.
Бундан ташқари, ташқи қарз ўсиш суръати секинлашган ҳамда қисқа муддатли фискал ва ташқи хатарлар пасайган. Хусусан, «Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунда давлат ташқи қарзига йиллик лимит (5 млрд АҚШ доллари) ва давлат қарзининг энг юқори миқдорининг (ЯИМга нисбатан 60%) белгиланганлиги, шунингдек давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаб олишга нисбатан янада «талабчан» қоидалар татбиқ этилганлиги Агентлик томонидан ижобий баҳоланган.
S&P кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал позицияси 2020−2021 йилларда яхшиланган. Қайд этилишича, 2020 йил мобайнида олтин нархининг юқорилиги давлат тушумлари ва ташқи балансини қўллаб-қувватлаб, умумий фискал дефицитнинг кутилганидан камроқ бўлишига сабаб бўлди (2020 йил якунига умумий фискал дефицит 4,5%ни ташкил этди).
Натижада, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган маблағларнинг бир қисми тежалиб, ҳукумат активлари миқдорининг ошишига эришилган. Бу, ўз навбатида, соф давлат қарзининг ЯИМга нисбатининг барқарорлашишига ўз ҳиссасини қўшган.
Ўзбекистоннинг ташқи баланси 2020 йилни кутилганидан кўра, яхшироқ кўрсаткичлар билан якунланган. Агентлик маълумотларига кўра, 2020 йил якунида давлат ва молиявий секторнинг ликвид активлари умумий ташқи қарз миқдоридан кўпроқ бўлган.
Лола Абдуазимова.