Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги 24 октябрь куни эълон қилинадиган «Бизнес юритиш – 2020» йиллик ҳисоботида давлатимизнинг ўрни салмоқли даражада яхшиланишини прогноз қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Doing Business 2019: Training for Reform» ҳисоботида Ўзбекистон 67,4 балл тўплаб, 190 та мамлакат орасида 76-ўринни эгаллаган эди.
Иқтисодиёт ва бизнес соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар Жаҳон банки экспертларининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра Ўзбекистоннинг «Top-20 ислоҳотчи мамлакатлар» рўйхатига кириш имконини берди. Уни тузишда индекснинг 10 таркибий индикаторлари ўрганилади. Ислоҳотларнинг камида 3 та йўналишида ижобий динамика кузатилиши лозим.
Мамлакатимизда миноритар инвесторлар ҳимояланишининг кучайтирилганлиги, солиқ солиш тизими соддалаштирилганлиги, шартномаларни бажаришда низоларни ҳал этишнинг медиация амалиёти жорий этилганлиги ва халқаро савдо жараёнида хавфни таҳлил этиш божхона тизиминининг жорий этилганлиги қайд этилди.
«Йигирмата» ислоҳотчилар рўйхатига Ўзбекистоннинг МДҲ бўйича шериклари: Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон кирди. Шунингдек, рейтингда Баҳрайн, Бангладеш, Хитой, Жибути, Ҳиндистон, Иордания, Кения, Косово, Қувайт, Мьянма, Нигерия, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони, Того ва Зимбабве бор.